Атоқли шоир Эшқобил Шукурнинг янги китоблари нашр этилди

Сақлаш
17:42 / 23.07.2025 122 0

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли шоир Эшқобил Шукурнинг “Ой йўлишеърий сайланмаси ҳамда “Бобосўз изидан” (тўлдирилган қайта нашр) китоблари нашрдан чиқди. Китоблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Адабиёт” нашриётида 1000 нусхада чоп этилган.

 

Сўздан узоқлашган одам ўзидан узоқлашади. Ўзидан олислаб кетаётган одамнинг маънавияти ҳам, ўзи ҳам заволга мойилдир. “Бобосўз изидан” китоби бевосита сўзга, сўзки, халқимиз тарихига томирдош бўлган, туркий тиллар оиласида хазинаси, жозибаси, рангу ҳарорати, қўйингки, шарафи баланд асл ўзбек сўзларига бўлган катта муҳаббати туфайли, уларни асраб қолишдек эзгу ният самараси ўлароқ майдонга келди. Ҳаёт уммонида сузиб бораётган Тил кемасининг ҳар бир йўловчиси шу улуғ улов тақдирига жавобгар. Шу маънода, “Бобосўз изидан” китоби маънавий ҳаётимиз учун бугун энг долзарб асарлардан биттаси, десак, муболаға эмас.

 

Муаллифнинг кўп йиллик меҳнату машаққати самараси – адабий хазинасини варақлай туриб хаёлда кечгани, сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бўлиши керак, деган мазмунидаги ҳадиси шариф бўлди. Эшқобил Шукур чиндан ҳам ҳикмат сўйлайдиган шоир. Сўйлаганда ҳам фақат ўзига ўхшаб юрагини куйлайдиган аҳли қаламдир. Устоз Абдулла Ориф ибораси билан айтадиган бўлсак, ҳар қандай сохта оҳанглардан холи дилкашлик, самимият, меҳр, куйинчаклик, теранлик, гўзаллик билан навбатдаги дийдор муборак бўлсин, деймиз.

 

Шоирнинг кўп йиллик изланишлари натижасида дунёга келган мазкур китоблар ҳам миллат маънавиятига хизмат қилиши, адабиёт хазинасининг дурдоналари қаторидан жой олиши, шубҳасиз.

 

Эслатиб ўтамиз, Эшқобил Шукур 1961 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами – “Юракни ўрганиш” (1984). Шундан сўнг унинг “Сочлари сумбул-сумбул” (1988), “Тунги гуллар” (1989), “Яшил қушлар” (1995), “Ҳамал айвони” (2003), “Кўзни юмиб кўрганларим” (2013) шеърий китоблари ва “Кўҳна боғ ривоятлари” (2005), “Бобосўз изидан” (2018), “Аср афсоналари” (2022) насрий китоблари нашр этилган. “Нақшбанд”, “Ибтидо хатоси” достонлари, “Насойим ул-муҳаббатга сайр” туркуми, шунингдек, “Оқибат оқшоми”, “Дунёнинг кўчиши” каби қиссалари муаллифи.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//