Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш таклиф қилинди

Сақлаш
09:26 / 27.06.2025 6 0

Ўзбекистонда пенсияга чиқиш ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф қилинди. Бу ҳақида Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг мамлакатга ташрифи якунлари бўйича хулосасида келтирилган.

 

Жамғарма таҳлилида Ўзбекистон пенсия тизими қатор ислоҳотларга муҳтожлиги қайд этилган. Шу сабаб тизим ўрта муддатли барқарорликни таъминлай олиши учун айрим ўзгаришларни амалга ошириш зарур.

 

ХВЖга кўра,, унга қуйидаги йўллар билан эришиш мумкин:

 

     – пенсия ёшининг паст кўрсаткичларини босқичли равишда ошириш;

     – айрим ташкилот категориялари учун белгиланган имтиёзли бадал ставкаларини босқичма-босқич бекор қилиш билан бир вақтда стандарт бадал ставкасини ошириш;

    – пенсия нафақаси миқдорини меҳнат фаолияти давомидаги ўртача даромад асосида ҳисоблаш;

    – автоматик нарх индекси асосидаги пенсия индексатсия механизмини жорий қилиш.

 

Жамғарманинг таъкидлашича, кексаликда камбағалликни камайтириш мақсадида бериладиган ҳар қандай ижтимоий нафақалар қатъий манзилли бўлиши лозим. Булар эҳтиёжмандликни баҳолаш асосида аниқланиб, давлат буджетидан молиялаштирилиши ва такрорланишларнинг олдини олиш учун бошқа ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан узвий боғлиқ ҳолда бошқарилиши керак.

 

2023-йил апрель ойида Жаҳон банки ўзининг “Ўзбекистонда инсон капитали ва сув инфратузилмасига давлат харажатлари самарадорлигини ошириш” ҳисоботида мамлакатга пенсия ёшини оширишни таклиф қилган (ҳозирда эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёш).

 

Ҳисоботда қайд этилишича, қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб уни амалга ошириш бошлангунга қадар пенсия ёши арафасидаги ходимларга ўз ҳаёт режаларини ўзгартиришлари учун мослашишга вақт бериш мақсадга мувофиқдир.

 

“2021−2030-йилларга мўлжалланган Миллий ижтимоий ҳимоя стратегияси доирасида 2025-йилдан бошлаб пенсия ёшини 65 ёшгача аста-секин (йилига 3−4 ой) оширишни назарда тутувчи қарор қабул қилиш энг мақбул вариант бўларди. Кейинчалик бу демографик ўзгаришлар босимини камайтирган ҳолда меҳнатга лаёқатли ва пенсия ёши ўртасидаги чегарани босқичма-босқич силжитиш имконини беради. Мамлакат учун буни ишчи кучининг демографик ўсиш салоҳияти тугашидан олдин (2040-йилларнинг ўрталари) амалга ошириш жуда муҳим, чунки бу аллақачон миллий рақобатбардошлик масаласидир”, — дея таъкидлади Жаҳон банки.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//