Халқ артисти Дилором Каримова ўзбек киносини «пиар»бозликда, «Тутқунлик» фильмини эса юзакиликда айблади

Сақлаш
15:43 / 07.01.2022 1383 1

Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова «Tafakkur» журналида чоп этилган суҳбатида бугунги ўзбек киносида мазмун қолиб, «пиар» кетидан қувилаётганини танқид қилди. Жумладан, «Тутқунлик» фильми ғоясини юзаки, воқеаларини ишонарсиз деб атади.

 

«Хўш, айни вақтда ўзбек киноси келажак олдидаги миссиясини қай даражада ўтаяпти? Ўтай оляптими, ўзи? Афсус, ўзбек киноси ўз иши қолиб, енгил-елпи шоу­-томоша, сериаллар билан машғулдек. Мазмун қолиб, «пиар» деган ўта беор, лаҳзалик шов­шув ортидан югуряпмиз. Дейлик, давлат буюртмаси бўйича суратга олинган «Тутқунлик» фильмида ғоя юзаки, ишонарсиз воқеалар тасвири орқали ҳал этилган, актёрлар ижросида на дард бор, на ўзбекка хос чизгилар. ИНСОН кўринмайди. Дунё аҳлининг фикри-зикрини банд этган, виждонли кишиларни ташвишга солаётган фожеий ҳаёт ҳикоя қилинади гўё. Бироқ фильм қаҳрамонларини қалтис қадам қўйишга мажбур этган сабаблар, оғир мушкулотлар иллюстрация йўсинида кўрсатилган, холос. Албатта, бунақа носамимий картиналардан кўра режиссёр Григорий Чухрайнинг «Коммунист»и одамни минг чандон ҳаяжонга солади. Ижодий­ижтимоий буюртмада ҳам муаммолар дадиллик, профессионаллик билан экранга кўчирилсагина, кутилган натижага эришилади. Бугун коррупцияга қарши омонсиз курашга киришиш учун ҳаловати, ҳаётидан воз кечишга тайёр қаҳрамон борми? Ким эканидан қатъи назар, одам ожизликлари, изтироби билан одам эканини кўрсата оляпмизми? Икки-уч йил олдин яратилган фильмлар ўзбек киносида сезиларли силжиш бўлаётганидан далолат берган эди. Лекин ҳозир...

 

Киноижодкор бугуннинг нафасини келажакка шараф билан етказиши учун эҳтиёткорлик сарҳадларини бузиб, ижодий-иқтисодий эркинликка эришмоғи лозим. Мен учун фақат битта цензор бор, у ҳам бўлса – савия!», дея таъкидлаган актриса.

 

Маълумот учун: «Тутқунлик» фильми Суриядан аёллар ва болаларни олиб келиш бўйича 2019-2020 йилларда ўтказилган «Меҳр» операциясига бағишланган. Сценарий муаллифлари Азамат Қоржовов, Рашид Маликов; постановкачи режиссёр Рашид Маликов. Россияда «Волоколамский рубеж» ҳарбий-ватанпарварлик кинофестивалида Гран-при билан тақдирланган. Туркияда «Қўрқут Ота» халқаро кинофестивалида эса ҳакамлар ҳайъатининг махсус совринига сазовор бўлган.

1 Изоҳ

Zilola

12:01 / 01.01.1970

Rostdan men ham bu filmni kòrdim . Voqealar juda ham oddiy qilib kòrsatilgan. Mehr operatsiyasi uchun qilingan harakatlar umuman sezilmagan. Obrazlar va rollar juda oddiy òynalgan

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//