Жамият
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзлади.
Маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга туширилиши, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилиши таъкидланди.
Хусусан, ҳудудларда жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро станция фойдаланишга топширилади. Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказилади.
“Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир”, деди Президент.
Энг муҳими, “тоза” энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
Фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.
“Албатта, биз эришган натижаларимиз билан тўхтаб қолмаймиз. Келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини яратамиз”, деди Президент.
Айтилишича, аҳолига қулай шарт-шароит яратиш учун “Янги Ўзбекистон” массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ хонадонли, энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади. ИТ, сунъий интеллект ва “буюмлар интернети” каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий супер компьютер кластери ва дата-марказлар сони кўпайтирилади.
Айни пайтда Саудиянинг “Дата-вольт” компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 500 мегаваттли дата-марказ қуриш бўйича ишларни бошлаган. Бундай кенг кўламли ишлар электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни камида 1,5 баробарга оширади.
“Яқинда Бразилияда ўтган CОП-30 иқлим конференциясида биз ўз ташаббусимиз билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммамизга олдик. Яъни 2035-йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик”, дея таъкидлади Президент.
Шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонаси “яшил” энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналарнинг сони 100 тага етказилади.
“Минтақамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан “Қамбар-ота ГЕС-1” лойиҳасини молиялаштиришга киришамиз”, дея таъкидланди.
“Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади.
Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини, албатта, тўлиқ барпо этамиз”, деди давлат раҳбари нутқ якунида.
Ўзбекистон Президенти рамзий дастакни босиб, 42 та энергетика объектини ишга туширди ва 21 та янги лойиҳа қурилишини бошлаб берди.
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
77421
Жамият
56537
Жамият
55722
Жамият
50788
Жамият
//
Изоҳ йўқ