1 мартдан қонунчиликда нималар ўзгарди?

Сақлаш
08:32 / 02.03.2025 24 0

Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилади

Ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилади.

 

Айрим боғчаларнинг педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматлари йўлга қўйилади

Мазкур санадан тажриба-синов тариқасида республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматлари жорий этилади.

 

Касбий кўникмалар марказларида янги тажриба синовдан ўтказилади

«Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизидаги касбий кўникмалар марказларида амалий касбий кўникмаларни бевосита иш жойида шакллантириш имконини берувчи янги тажриба жорий қилинади.

 

Ер қаъридан фойдаланиш мониторингини амалга ошириш тартиби ўзгаради

Ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил «Геомониторинг» ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали бажарилади.

 

Мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг малакаси янгича тизим орқали оширилади

Мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун назария ва амалиёт уйғунлаштирилган ҳолда малака ошириш тизими йўлга қўйилади.

 

Бунда малака ошириш таълим дастурининг назарий қисми А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказларида, амалий (ижодий) қисми болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилади ва марказларга ишга қабул қилинадиган мусиқа маданияти фани ўқитувчилари меҳнатига соатбай асосда иш ҳақи тўланади.

 

Айрим ота-оналарга фарзанди учун моддий ёрдам берилади

Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз она (ота)га ижтимоий шартнома асосида бир нафар фарзанди учун бола(лар) 3 ёшга тўлгунигача мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан БҲМнинг бир ярим бараваригача миқдорида моддий ёрдам берилади.

 

Бунда агар болалар эгизак бўлса, моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бири учун берилади.

 

Судда иш юритиш тарафлар келишуви сабабли тугатилганда давлат божи қайтарилади

Қонунчиликка кўра, судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга давлат божини қуйидаги миқдорларда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:

 

🔹биринчи инстанция судида — тўланган давлат божининг 70 фоизи;

 

🔹апелляция ва кассация тартибида берилган шикоятлар бўйича судда — тўланган давлат божининг 30 фоизи.

 

Уй-жой учун субсидия олишда аризалар қабули 3 мартдан бошланади

Ҳужжат билан жорий йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган бўлиб, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сони ўтган йилгига нисбатан 1,5 бараварга оширилди ҳамда дастур доирасида 30 000 нафар талабгорларга ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратилади.

 

Кўп квартирали уй-жойларни барпо этиш тартибига ўзгартиииириш кирилади

1 мартдан реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

 

🔸реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади;

 

🔸 мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:

 

➖бузилаётган тураржой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган реновация дастурига мувофиқ янги қуриладиган тураржойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, шу жумладан, бошқа тураржой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш;

 

➖бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш;

 

➖реновация лойиҳаси ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсацияни тақдим этиш.

 

Айрим ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танлаб олинади

2025 йил 1 мартдан «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади.

 

Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади

2025 йил 1 мартдан тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2025 йил 1 октябргача республиканинг қолган ҳудудларида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади.

 

Шунингдек, кундузги парвариш хизматига оид фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилади.

 

Пенсиялар проактив шаклда тайинланади

60 ёшга етган эркакларга ва 55 ёшга етган аёлларга пенсиялар, шу куннинг ўзида «автоматик» тарзда, яъни бирор-бир турдаги ҳужжат талаб этмаган ҳолда тайинланади.

 

Бунда, шахсга оид маълумотлар (фуқаронинг ёши, жинси), иш стажи, иш ҳақи (тўланган ижтимоий солиқ суммаси) ва оила таркиби (турмуш ўртоғи ва фарзандлари) Адлия вазирлиги, Бандлик вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг электрон базаларидан олинади.

 

Меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси таъминланганлик ҳолати онлайн баҳоланади

Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси таъминланганлик ҳолати онлайн рейтинг асосида баҳоланади.

 

Шунингдек, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими йўлга қўйилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//