Келажакда бизни қандай кашфиётлар кутмоқда?

Сақлаш
17:01 / 04.02.2025 8 0

Бир журналист дунёнинг 300 нафар таниқли олимига келажак қандай бўлиши ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

 

Мутахассислар эса ҳозирда устида ишланаётган янги кашфиётлар, замонавий технологиялар ва лойиҳаларни таҳлил қилиб, нафақат келажакдаги кашфиётлар, балки у ёки бу ҳодисанинг айнан қачон содир бўлишини ҳам башорат қилишди.

 

Уларнинг айтишича, тахмин қилган кашфиётлар 20, 50 ва 100 йил ичида содир бўлиши мумкин(саноқ тескари тартибда):

 

10. Интернетга линза орқали кирилади

 

 

Келгуси ўн йилликларда шундай махсус контакт линзалари пайдо бўладики, улар орқали инсонлар Интернетга ҳеч қандай гаджетсиз, шунчаки кўз орқали кириши мумкин бўлади. Натижада, одамлар дунёни «Терминатор» фильмидаги робот каби кўради (атрофдаги воқелик тасвирнинг тепасида турли хил қўшимча маълумотлар билан пайдо бўлади).

 

Суҳбат давомида эса сўзловчи ўз суҳбатдоши ҳақидаги маълумотларни линза орқали кўриб туради ва агар у бошқа тилда гапирса, кўзда таржима қилинган субтитрлар пайдо бўлади. Киши уни ўқиб, суҳбатдошини тушунади. Фойдаланувчи кўчада эски қадрдонини кўриб қолганда, агар унинг кимлиги эсидан чиққан бўлса линза унинг кимлигини аниқлайди ва ахборот беради.

 

9. Жиҳозлар ўз рангини ўзгартиради

 

 

Нанотехнологиянинг шиддат билан ривожланиб бориши таъсирида орадан 20 йил ўтиб ҳар қандай шаклга кира оладиган моддалар пайдо бўлиши мумкин. Улар қайта дастурланиши мумкин бўлган микроскопик компьютер чиплари — «клайтрон атомлар»дан иборат бўлади. Оқибатда, одамлар пластмасса ёки металлдан турли хил ҳайкалчалар яратиш имконига эга бўлади. Моддалар эса аслида пластилин каби бўлади.

 

Келгусида бундай материаллардан маиший техника ва мебель ишлаб чиқарилади. Бу эса биргина буйруқ билан жиҳозларнинг рангини ва шаклини ўзгартириш имконини тақдим қилади.

 

8. Шифокорлар ўрнига гаджетлар

 

 

Яқин йилларда гаджетлар шифокорларнинг айрим функцияларини бажара бошлайди. Масалан, ҳозирда глобал тармоқ орқали ҳар қандай касалликнинг келиб чиқиш тарихи ва сабаблари, даво усулларини билиб олиш мумкин. Кейинги жараёнлар эса албатта кишининг ақлини шоширади. Яъни, олимлар келажакда нафақат шифокорларга, балки беморларга ҳам ёрдам берадиган глобал Robodoc дастури пайдо бўлишини тахмин қилмоқда. У тармоқлардан маълумотларни олади ва фойдаланувчига аниқ тиббий маслаҳатлар беради, худди мутахассис каби. Агар шундай бўлса, маслаҳат олиш ёки тест натижаларини билиш учун шифокорга боришга ҳожат қолмайди.

 

Бундан ташқари, инсоннинг танасини назорат қиладиган кийимлар ҳам яратилади. Улар организмдаги ўзгаришларни қайд қилади ва жиддий касалликларнинг олдини олади, яъни касаллик бошлангани ҳақида маълумот беради. Фойдаланувчида эса касалликнинг эрта давридаёқ даволанишга шароит яратилади.

 

7. Қоғоздек юпқа гаджетлар

 

 

Компьютер экранлари шунчалик эгилувчан ва юпқа бўладики, уларни одамлар қоғоз каби ўраб, қўлларида кўтариб юради. Бундан ташқари, қурилмаларни бошқариш учун уларга шунчаки мурожаат этишнинг ўзи кифоя қилади. Масалан, бирон жойингиз оғрияптими, марҳамат, телефонингизга «Менга Тез ёрдам чақириб бер» дейсиз, тамом. Қарабсизки, тез ёрдам йўлга тушган.

 

6. Ҳайдовчисиз автомашиналар

 

 

Бу нарса ҳозир деярли ўз янгилигини йўқотди. Чунки ривожланган давлатларда аллақачон ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган машиналар ихтиро қилинмоқда. Сиз қурилмадан манзилни белгилайсиз, роботга айланган улов сизни олиб кетгани келади.

 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Келажакда осмонда учадиган машиналар яратилади. Автомобиллар ерда ҳам юради, бироқ уларда ғилдирак бўлмайди. Улар электромагнит орқали ҳаракатланади. Бу худди сув устида сузадиган кемага ўхшайди. XXI аср охирига келиб эса электромагнит автомобиль йўллари қурила бошлайди.

 

5. Интернет мутацияга учрайди

 

 

Тахминларга кўра, 2027 йилга келиб Интернет «Brainnet» билан ўрин алмашади. Компьютерлар глобал тармоқдан ташқари инсон миясини ҳам ўқишни бошлайди. Жумладан, ташқи оламга инсоннинг таассуротлари, хотиралари очилади. Бундай маълумотлар эса тармоқларга узатилиши ва ҳатто бошқа одамнинг миясига ҳам юкланиши мумкин.

 

Шунда одамлар телефондаги эможилар ўрнига ҳақиқий ҳис-туйғуларини юбориш имкониятига эга бўлади.

 

Технология ривожланиб кетганидан ҳид, таъм билиш каби сезгилар қурилмаларга ёзиб олинади ва миянинг тегишли қисмига жўнатилади. Бу билан мияда иллюзия ҳосил қилинади. Буни бошқариладиган галлюцинация деб аташ мумкин — барча виртуал объектлар мутлақо ҳақиқий бўлиб кўринади. Мазкур кашфиёт кино саноати ва умуман кўнгилочар индустрияни ҳаддан ташқари гуркиратиб юборади.

 

4. Барча керакли нарсалар таъбга қараб яратилади

 

 

Ҳозирда АҚШ, Хитой, Нидерландия ва Бирлашган Араб Амирликларида уйлар 3D принтерларда чоп этилмоқда. Тез орада бундай принтер ёрдамида сиз ўзингизга керак бўлган ҳамма нарсани — музқаймоқдан тортиб заргарлик буюмларигача, ўйинчоқлардан тортиб ўз тасаввурингиздаги янги уйингизгача ўзингиз яратишингиз мумкин бўлади. Мисол учун, пойабзал дўкони сизнинг оёқларингизни ўлчайди ва сизга тўлиқ мос келадиган янги пойабзал ясаб беради.

 

Шу билан бирга, одамлар технология ёрдамида ўз фантазияларини реалликка кўчириши мумкин бўлади. Бу бутунлай янги санъат турини «дунёга келтиради».

 

3. Инсон органлари ўстирилади

 

 

Хитойда аллақачон қулоқ ўстириш амалиёти синовдан ўтказилди. Тез орада инсоният тери, қон томирлари, трахея ва кейин мураккаброқ органлар — жигар, буйрак ва ҳатто мияни ўстира оладиган даражага етади.

 

Илдиз ҳужайра технологияси ривожланишда давом этади, биз эса ундан орқа мия жароҳатларини, Паркинсон касаллигини, Альтсгеймер касаллигини ва ҳатто саратонни даволашда фойдаланишимиз мумкин. Келажакда калтакесак каби одамларнинг кесиб ташланган оёқ-қўллари қайта ўсиб чиқади.

 

2100 йилга келиб, олимлар қариш жараёнини секинлаштиришга муваффақ бўлади ва одамлар 150 йилдан ортиқ умр кўра бошлайди.

 

2. Инсон прототипи пайдо бўлади

 

 

Силикон водийсида бу нарса устида ишлар анча олдин бошлаб юборилган. Хусусан, Human Connectome лойиҳаси билан 2009 йилдаёқ инсон миясининг схемасини яратиш бошланган.

 

Агар бу нарса ҳақиқатга айланса, келажакда ҳар бир кишининг рақамли нусхаси бўлади ва бу нусха ўша инсоннинг абадий мавжудлиги бўлиб қолади. У космосга чиқиши, лазер ёрдамида бир сонияда Ойда, 20 дақиқада Марсда ва 4 йилдан кейин Alpha Centauri'да пайдо бўлиши мумкин.

 

1. Сунъий интеллект асри бошланади

 

 

Бугунги кунда сунъий интеллект устида жуда кўп тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ҳозирда улар мустақил ўйлаш ва тафаккур қилиш бўйича таракандек ақл-заковатга эга. Олимларнинг сўзларига кўра, бир неча йил ичида сунъий интеллект сичқонча, кейин каламуш, мушук, ит даражасига этади. Келгуси асрнинг бошига келиб эса улар маймундан ўзиб кетиши мумкин. Кейин сунъий интеллект маймунлар миясига жойлаштирилади ва улар рақамли тарзда бошқарилади. Кун келиб бундай тажриба инсонларда ҳам ўтказилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//