Бойишга ёрдам берадиган асосий омил нима экани маълум бўлди

Сақлаш
13:33 / 08.01.2025 15 0

Молиявий муваффақият сири очилди. Сабабларни топиш учун 50 йилдан ортиқ вақт давомида тадқиқот олиб борган олимлар якунда пул ва муваффақият мактабдаги баҳолар, ишдаги алоқалар ёки меҳнат жараёнига боғлиқ эмаслигини аниқлади.

 

Гап шундаги, агар инсон ҳиссий ақл ва ўз ҳаракатларини назорат қилиш қобилиятига эга бўлса, унинг келажакда молиявий ва профессионал муваффақиятга эришиш эҳтимоли юқори бўлади.

 

1972 йилда бошланган тадқиқотда психологлар Янги Зеландияда яшовчи минг нафар боланинг турмуш тарзи, ўсиб-улғайиши, ривожланиши, хуллас, туғилишдан то вояга етгунча эришган муваффақиятлари ҳақида маълумотларни жамлади. Унда болаларнинг 3, 5, 7, 9 ва 11 ёшли эмоционал интеллекти баҳоланган.

 

Баҳолар болаларнинг хулқ-атворини бевосита кузатиш, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиш ва ўқитувчиларидан улар ҳақида анкета тўлдиришни сўраш орқали амалга оширилди.

 

Демак, муваффақият сири бу ҳиссий кўрсатгичга боғлиқ экан. Олимлар буни қисқартириб EQ (ёки «ўз-ўзини бошқариш») деб атайди.

 

Шу ҳисобда, агар кимнингдир EQ даражаси юқори бўлса, у ижобий нарсаларга эътибор беришга, қарор қабул қилишдан олдин тинглашга, хатоларини тан олишга, ҳамдардлик кўрсатишга ва салбий ҳис-туйғуларга тўғри муносабатда бўлишга мойил бўлади.

 

Аксинча, агар EQ даражаси паст бўлса, бундай одамлар бойлик орттиришда салбий оқибатларга кўпроқ учрайди. Улар кам даромад топади ва уларда пулни жамғариш одати бўлмайди. Бундай кишилар кредит муаммолари ва ижтимоий таъминот тизимига қарам бўлиб яшайди.

 

Бу хулоса ўз-ўзидан келиб чиққани йўқ. Кузатув жараёнларида EQ даражаси паст бўлганларда, 30 ёшга кирганида ҳам, пулни тежаш одати пастлиги маълум бўлган. Улар келажак учун уй-жой, инвестиция фондлари ёки пенсия режалари каби камроқ молиявий қурилиш блокларини қўлга киритган.

 

Шундан сўнг, тадқиқотчилар молиявий аҳволи ва барқарорлигини баҳолаган ҳолда балоғат ёшидаги иштирокчилар билан суҳбатлашган.

 

Маълум бўлишича, ҳис-туйғуларни тушуниш, тартибга солиш ва тўғри ҳаракат қилиш қобилияти билан балоғат ёшидаги молиявий муваффақиятлар ўртасида боғлиқлик бор.

 

Бу қисман EQ даражаси юқори бўлган одамларнинг иш берувчилар билан яхши ишлаш кўникмалари, самарали мулоқот қилиш қобилиятлари ва ижтимоий хабардорлик каби иш жойида ас қотадиган хусусиятларга эга бўлишини англатади.

 

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ҳиссий интеллект одамларни ишда муваффақиятга эришишга ундайди, ишга алоқадор барқарорлик билан таъминлайди ва уларнинг лавозимга кўтарилиш ёки касбий ўсиш эҳтимолини оширади.

 

Бундан ташқари, EQ даражаси юқори бўлган одамлар кўпроқ импульс назоратига эга ҳисобланади. Улар ҳаракат қилишдан олдин ўйлашга мойил бўлади. Бу эса тежаш, бюджетлаштириш ва келажакни режалаштириш кабилар орқали пулни тўғри бошқаришга ёрдам беради.

 

Хўш, EQ даражасини қандай қилиб кўтариш мумкин? Олимлар тадқиқот давомида боланинг ҳиссий интеллектига кучли таъсир кўрсатадиган бир қанча омилларни ҳам аниқлади.

 

Масалан, EQ'нинг ўртача даражаси қизларда ўғил болаларга нисбатан анча юқори бўлар экан. Шу билан бирга, ИҚ даражаси юқори бўлганларда EQ даражаси ҳам юқори бўлади. Аммо IQ'га қараганда EQ болада туғма қобилият ҳисобланмайди. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, бу кўникма болаларнинг ота-оналари, ўқитувчилари ва эрта аралашув дастурлари томонидан ҳам ривожлантирилиши мумкин.

 

Weston Family Psychology маълумотларига кўра, болага ўз ҳиссий интеллектини ривожлантиришга ёрдам беришнинг кўплаб усуллари мавжуд. Булар болага кўникмаларни хатти-ҳаракатлар орқали кўрсатиш, очиқ мулоқотни рағбатлантириш ҳамда ҳис-туйғуларни тасдиқлаш ва уларнинг муаммони ҳал қилишдаги роли ҳақида гаплашиш кабилардир.

 

Болада ҳиссий интеллект жуда эрта ривожланади. Шунинг учун уларга чақалоқлик ёки ёшлик давридаёқ бу амалиётларни ўрнатиш муҳимдир.

 

Ушбу дастлабки йилларда ота-оналар фарзандларининг ҳис-туйғуларини белгилаш ва тасдиқлаш орқали ҳиссий онгни ривожлантиришлари мумкин. Масалан, Weston Family Psychology рангли ўйинчоқлар билан болани хурсанд қилиш орқали уларга ҳис-туйғуларини шакллантириш кераклигини тавсия қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//