Ўзбекистон ҳудудидан катта миқдорда маданий бойликлар топилди

Сақлаш
11:20 / 24.12.2024 46 0

Хитой ва Ўзбекистон қўшма археология жамоаси изланиш давомида Ўзбекистон ҳудудида жойлашган машҳур Мунчоқтепа майдонидан қадимги даврга тааллуқли маданий бойликларни топганини очиқлади.

 

Ушбу ёдгорликлар Хан сулоласига (милоддан аввалги 206 – милодий 220 йй.) тегишли бўлиб, улар ипак парчалари, тангалар ва бронза ойнадан иборат.

 

Топилмаларнинг кўплиги мазкур манзил Хитойни Марказий Осиё ва бутун дунё билан боғлаган қадимги Ипак йўли чорраҳасидаги асосий савдо масканларидан бири бўлганини исботлайди.

 

Хитойлик мутахассиснинг сўзларига кўра, у ердан олтита қабр ва иккита бино ҳам топилган. У, шунингдек, қазишма ишлари давомида аниқланган кўплаб ёдгорликлар Вей (220-265), Сзин (265-420) ва Шимолий-Жанубий сулолалар (386-589) даври тарихини очишда қўл келишини қўшимча қилган.

 

Таъкидланишича, янги манзил Мунчоқтепа ва Фарғона водийсида деярли қирқ йил ичида илк бор ипак парчалари топилгани билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

 

Маълумот учун, Хитой-Ўзбекистон қўшма археология гуруҳи қадимги Хан сулоласига оид кўплаб маданий топилмалар аниқланган Мунчоқтепа майдонида 2012 йилдан бери қазишма ишларини олиб боради. Бу сафар янгидан очилган ҳудуд майдоннинг шимолий-ғарбий бурчагида жойлашган. 1986 йилда ўтказилган археологик тадқиқотларга кўра, мазкур қисм Хитойда ҳукмронлик қилган Вей, Сзин ҳамда Шимолий ва Жанубий сулолалар билан бир вақтда мавжуд бўлган.

 

Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг археологи, Хитой ва Ўзбекистон қўшма археология гуруҳининг Хитой ижрочи раҳбари Луи Таонинг айтишича, топилган ипак парчалари қабр эгаси скелетининг оёқ суяги ёнидан топилган. Мато шимнинг бир қисми бўлган. У Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин.

 

Археологик гуруҳ қабр атрофида сочилиб ётган бир нечта мис тангаларни ҳам топган. Тангаларнинг бири зангдан кўп зарарлангани учун ундаги ёзувни ўқиш қийин. Аммо тадқиқотчилар бу тангалар тўртбурчак тешиги бор қадимги Хитой доирасимон тангаси бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

 

Ҳозирда батафсил ўрганилиши учун топилмалар лабораторияга жўнатилган. Умид билдирилишича, 2025 йилда таҳлиллардан кўпроқ хулоса чиқариш мумкин.

 

Аҳамиятлиси, янги ҳудуддан топилган олтита қабр қадимги Хитойда кенг тарқалган тобутлардан фарқ қилади. Тадқиқотчилар тобутлар қамишдан ясалгани, улар билан марҳум ўраб қўйилгани, кейин ёғоч билан мустаҳкамланганини маълум қилган.

 

Мунчоқтепа Сирдарё бўйида жойлашгани учун у ерда қамиш кўп бўлган. Мутахассислар маҳаллий аҳоли шунинг учун тобут ясашда қамишни асосий материал сифатида ишлатган бўлиши мумкин дея фикр билдирмоқда.

 

Хитойлик археологнинг маълумот беришича, қабрлардан топилган инсон суяклари устида антропологик тадқиқотлар ва ДНК тадқиқотларини ўтказиш, материалларни таҳлил қилиш учун Хитой археологиясида қўлланиладиган барча техник усуллар қўлланилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//