Аккредитациясиз иш олиб борган россиялик журналист Нукусда ҳибсга олинди

Сақлаш
11:06 / 02.12.2024 33 0

Аккредитациясиз иш олиб боргани учун россиялик журналист Алексей Пивоваров Нукус шаҳрида ҳибсга олинди.

 

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Қорақалпоғистон бўйича ҳудудий бошқармаси мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:

 

«Дастлабки текширув натижасида хорижий журналистлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида олдиндан аккредитациядан ўтмасдан амалга оширилгани аниқланиб, бу амалдаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади.

 

Ҳозирда қўлга олинганлар Нукус шаҳри ички ишлар бошқармасида бўлиб, ҳодиса юзасидан барча ҳолатлар ўрганилмоқда».

 

Мазкур расмий хабардан сўнг журналистнинг ўзи ҳам Telegramдаги шахсий блогида пост қолдирди:

 

«Айтганимдек, биз ҳозир Ўзбекистондамиз. Нукусда бўлганимизда Ички ишлар вазирлиги ходимлари суҳбатга таклиф қилишди. Биз гаплашдик, ўзимиз ва режаларимиз ҳақида гапириб бердик. Ходимлар хушмуомалалик кўрсатиб, тўғри муомала қилди. Ҳозир яна йўлга тушамиз. Ҳаммаси яхши!» дея ёзиб қолдирган у.

 

Ҳозирда журналист қўйиб юборилган.

 

Маълумот учун, Алексей Пивоваров таниқли тележурналист бўлиб, НТВ ва бошқа телеканалларда фаолият олиб борган.

 

У, шунингдек, сўнгги йилларда постсовет ва узоқ хориж мамлакатлари ҳақида бир қатор кўрсатувлар эълон қилган «Редакция» Ёутубе канали муаллифи ҳисобланади.

 

Эслатиб ўтиш лозим, ҳукумат қарори билан 2006 йилда тасдиқланган қоидалар тартибига кўра, хорижий давлатларнинг оммавий ахборот воситалари мухбирлари мамлакат ҳудудида фаолият олиб бориши учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтиши шарт.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//