Иқтисод
Ўзбекистон республика валюта биржаси бозор маълумотлари АҚШнинг молиявий-иқтисодий янгиликлар бўйича нуфузли Bloomberg агентлигининг терминалида жойлаштирилмоқда.
Бу билан эндиликда агентлик мижозлари Ўзбекистоннинг валюта ва пул бозорлари, шунингдек, давлат қимматли қоғозлари ҳамда деривативлар бозорларидаги нархлар ва кўрсаткичларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон республика валюта биржаси(ЎзРВБ) иштирокчилари 35 та маҳаллий тижорат банки, 6 та брокерлик компанияси ва 1 та хорижий кастодиан банкдан иборат.
Bloomberg терминалида ЎзРВБ маълумотларининг мавжудлиги чет эл инвесторларига Ўзбекистон молия бозорини чуқурроқ тушуниш ва ундаги тенденцияларни таҳлил қилиш имкониятини беради. Бу эса янада асосли инвестиция қарорларини қабул қилишга ёрдам беради ва хатарларни баҳолашни осонлаштиради.
«Bloomberg билан мазкур ҳамкорлик глобал бозорлар иштирокчиларига биржанинг турли сегментларида ЎзРВБнинг долзарб ва аниқ маълумотларини олишга, бу орқали ўз активларини янада самарали бошқаришга ёрдам беради. Маълумотларнинг шаффофлиги ва очиқлигини ошириш бозорга бўлган ишончни мустаҳкамлайди ва ликвидлиликнинг ўсишини таъминлайди», дейди ЎзРВБ бош директори Рашид Усмонов.
Иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, бундай қулайлик ортидан «бутун дунё инвесторлари Ўзбекистонда ўз инвестиция ғояларини самарали шакллантириши ва баҳолаши мумкин бўлди». Чунки Bloomberg'нинг бу янгиликни амалга оширгани Ўзбекистон молия бозорини чуқурроқ тушуниш ва ундаги тенденцияларни таҳлил қилиш имконияти яратди.
Таъкидлаш лозим, ЎзРВБ 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистондаги энг йирик кўп функцияли биржа платформаси ҳисобланади. У валюта ва пул бозорлари, деривативлар ва давлат қимматли қоғозлари бозорларида савдоларни ташкил этиш, шу жумладан, савдолардан олдинги ва кейинги хизматларидан иборат тўлиқ хизматлар мажмуини тақдим этади.
Биржанинг асосий афзалликларидан бири бу бозорнинг барча сегментларини ягона платформада бирлаштирган интеграциялашган савдо тизими ҳисобланишидир.
*Изоҳ: кастодиан банк – мижозларнинг қимматли қоғозлари ва бошқа молиявий активларини сақлайдиган, шунингдек, ушбу қимматли қоғозларни бошқарувчи банк.
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ