Тошкентда жамоат транспорти хизмати туну кун ишлаш режимига ўтказилиши мумкин

Сақлаш
18:03 / 27.11.2024 9 0

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш масалалари ўрганилиб, тегишли таклифлар тайёрланди.

 

Шулардан бири Тошкент шаҳридаги жамоат транспортини (автобуслар, трамвай, метро) кеча-кундуз ишлаш режимига ўтказишдир (таклиф).

 

Бунга тунги вақтларда пойтахтдаги транспорт хизматига бўлган талаблар фақатгина шахсий йўналишсиз такси хизматларининг фаолияти эвазига қондирилаётгани, бироқ тунги режимда хизмат кўрсатувчи жамоат транспорти ҳаракати йўлга қўйилмагани сабаб сифатида келтирилган.

 

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракати 05:00 дан 23:00 гача, метро ҳаракати эса 05:00 дан 00:00 га қадар хизмат кўрсатиши белгиланган.

 

Бундан ташқари, таклифлар рўйхатида 2025 йил 1 февралдан бошлаб тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ишчи гуруҳ ташкил этиш кераклиги айтилади (таклиф). Чунки Тошкент шаҳрида тунги вақтларда маданият ва санъат муассасалари ҳамда спорт ва кўнгилочар дам олиш масканлари фаолиятини йўлга қўйиш имконияти мавжуд. Шунингдек, бу пойтахтда туристик салоҳиятга эга ҳудудларни белгилаб, ушбу ҳудудларда тунги фаолият зоналарини ташкил қилишга (таклиф) ҳам замин ҳозирлайди.

 

Ҳозирда тунда фаолият олиб борадиган мажмуалар (кафе, тунги клуб, музей, спорт мажмуалари ва бошқалар) ҳақида маҳаллий ва хорижий туристлар маълумот олишлари учун электрон платформа яратилмаган. Шунинг учун ҳам «Тунги Тошкент» электрон платформасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу платформада тунда фаолият олиб борадиган масканлар, тунги жамоат транспорти йўналишлари ҳамда махсус арзонлаштирилган таклифлар ҳақида маълумот олиш имконини яратиш ҳам лозим (таклиф). Шу билан бирга, тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида белгиланган муайян ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларда ёритиш тизимини кучайтириш ҳамда аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш (таклиф) ҳам керак.

 

Агентлик бир қатор муаммоларни юқорида кўрсатилгандек таҳлил қилгач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//