Жамоат транспортларида йўлкира нархлари кўтарилиши кутилмоқда

Сақлаш
09:40 / 26.11.2024 9 0

Фото: Spot.uz

 

Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун тўланадиган йўлкира ҳақи кўтарилиши мумкин.

 

Бу ҳақидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарор лойиҳаси кеча, 25 ноябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

 

Ҳужжатга кўра, йўлкира ҳақининг чекланган тарифлари қуйидагича белгиланиши мумкин:

▪️ бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 000 (уч минг) сўм. Бунда, бир йўловчи қатнови учун 1 (бир) марталик тўлов электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда, рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда — 1 700 (бир минг етти юз) сўм ундирилади;

 

▪️бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун – 4 000 (тўрт минг) сўм;

 

▪️қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф – 1 600 (бир минг олти юз) сўм.

 

Юқоридаги ўзгаришлардан қатъий назар, қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.

 

Бундан ташқари, қарор лойиҳасида Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилиши, бунинг ўрнига йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилиши айтилади.

 

Электрон тўловларни амалга оширишда амалдаги кунлик ва ойлик тарифларга қўшимча равишда қатновлар сонидан келиб чиқиб, кўп мартали тариф режалари тасдиқланиши мумкин.

 

Маълумот учун, қарор лойиҳаси бўйича муҳокамалар жорий йилнинг 10 декабрида якунланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//