Онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади

Сақлаш
16:36 / 25.11.2024 9 0

Президент қарори билан тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30–65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилади. Шунингдек, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади.

 

Ҳар йили 30–50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади.

 

30–65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилади.

 

Скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар эса бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

 

2025 йил 1 январдан яна бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириш режалаштирилган:

▪️ онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобил ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади;

 

▪️ Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади;

 

▪️ одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс-лаборатория фаолияти йўлга қўйилади;

 

▪️ бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади.

 

Кейинги йилнинг 1 майига қадар эса бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилади.

 

Бундан ташқари, скрининг дастурига киритилган аёллар билан қайта алоқа қилиш тизимини жорий этиш ҳам мазкур муддат оралиғига белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//