Қандай шахслар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади?

Сақлаш
09:23 / 22.11.2024 4 0

Жорий йилнинг 14 ноябрида «Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди.

 

Унга кўра, энди олий таълим муассасаларини тамомлаган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз олинади.

 

Бундан ташқари, 2025 йил 1 февралдан бошлаб бир қатор чора тадбирларнинг амалга оширилиши белгиланди.

 

Жумладан:

▪️ оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади;

 

▪️ 30 ёшга тўлган фуқароларга оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади;

 

▪️ ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга (патронат) фақат уларнинг қариндошларига берилади;

 

▪️ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг яшаш харажатлари, оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга болани тарбиялагани (парваришлагани) учун ажратиладиган маблағлар тарбияланувчилар умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларини тамомлагунига қадар берилади.

 

2025 йилнинг 1 мартидан эса ёлғиз она (ота)га бир нафар фарзанди учун бола(лар) 3 ёшга тўлгунига қадар мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун БҲМнинг 1 ярим бараваригача (562 минг 500 сўмгача) миқдорда моддий ёрдам кўрсатилади. (Эслатма: бунда моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бири учун берилади).

 

Фармонда, шунингдек, «Инсон» марказлари боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитацияси учун қўшимча харажатларни бола фойдасига ундириш бўйича судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилиши айтилади.

 

Эндиликда алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволидан қатъи назар давлат ёки нодавлат муассасаларнинг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган болага тўланаётган алимент миқдорини суд томонидан камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилинмайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//