Вазирлар Маҳкамаси олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди

Сақлаш
12:01 / 20.11.2024 64 0

Давлат раҳбари иштирокида ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди.

 

Аввало ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини одамларга янада яқинлаштириш лозимлиги таъкидланди.

 

Президент халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат ташкилотлари халққа, унинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши зарур, деган талаб барча раҳбар кадрлар фаолиятининг асосий мезони эканини эслатар экан, қонун қабул қилиндими, у албатта ишлаши, одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш қилиши кераклигини урғулади.

 

Бунинг учун эса қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмитаси ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда ўрганиб борилиши зарур.

 

«Ижро этувчи ҳокимият органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни, уларнинг асосланган бўлишини таъминлаши лозим», деди Президент.

 

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, кейинги вақтда қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик билан маслаҳат қилишда қонунларда белгиланган талабларга ҳамиша ҳам риоя этилмаётганига эътироз билдирди.

 

Шу сабабли Адлия вазирлигига бир ой муддатда бу масала бўйича таклифларни Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан бирга муҳокама қилиш ва Ҳукуматга киритиш топширилди.

 

Ҳукуматнинг қонунчилик ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари сифатини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб турибди.

 

«Даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунларни қабул қилиш Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаси, керак бўлса, унинг обрўсидир.

 

Бу борада таниқли хитой файласуфи Шан Яннинг «Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир», деган сўзларини эслаш ўринли, деб ўйлайман. Ҳар бир қонунда шундай ҳурмат намоён бўлиши керак. 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин», деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//