Андижондаги Бобур ҳайкалининг кўчирилиши юзасидан расмий муносабат билдирилди

Сақлаш
16:09 / 19.11.2024 48 0

Андижон вилояти Андижон шаҳри марказига ўрнатилган Бобур ҳайкалининг бошқа жойга кўчирилиши ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

 

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муслим Иброҳимов расмий муносабат билдирди.

 

«Андижонимизда ҳар куни янги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Улардан бири, аҳолимизнинг узоқ йиллик истакларидан бўлган, вилоят марказидаги «Бобур» шоҳ кўчасида жойлашган чорраҳада қурилаётган йўл ўтказгич эканлиги деярли барча андижонликларга маълум», дейди у.

 

Иброҳимов мазкур кўприк ўн минглаб аҳолининг кундалик турмуш тарзида катта қулайлик яратиши, инсонларнинг узоғини яқин қилиши ва кун давомида соатлаб вақтини тежашига хизмат қилишини таъкидлайди. Унинг қўшимча қилишича, қурилиш жараёнида яна битта «ҳал этилиши керак бўлган» муҳим масала кузатилган. Бу Бобур ҳайкали турган майдоннинг бир қисми кўприк остида қолиб кетишидир.

 

«Бобомиз, Андижон фарзанди, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига атаб, барпо этилган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида жойлашган бўлиб, лойиҳа қурилиши якунлангач, ушбу майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади», дейди Иброҳимов.

 

Илмий кенгаш вакиллари, Бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама қилинган. Якунда эса керакли хулоса ясалган. Унга кўра, ҳайкал шоҳ Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган «Эски шаҳар» ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган «Регистон» майдонига кўчирилади. Бундан ташқари, муҳокама жараёнида майдонни ўзига хос қўшимчалар билан бойитиш ва янги, кўркам майдон барпо этишга келишилган.

 

Ҳозирда эса бу режани амалга ошириш учун катта тайёргарликлар кўрилмоқда.

 

«Аввалги майдон ўрнида эса аҳолимиз учун «Савдо Малл» мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва аҳолимизга хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар барпо этиш лойиҳаси таклиф этилган», дейди ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари.

 

 

У, шунингдек, ҳайкал кўчилаётган ҳудудда турар жойлар қуриш режаси мавжуд эмаслиги таъкидлар экан, тармоқларда кузатилган турар жой қурилиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаслигини маълум қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//