Икки нафар ўзбекистонлик санъаткор Россиянинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Сақлаш
17:32 / 18.11.2024 59 0

Ўзбекистонлик санъаткорлар – Фаррух Зокиров ва Севара Назархон Владимир Путин фармони асосида Россиянинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

 

Россия Федерацияси президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини »Дўстлик« ордени билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармони бугун, 18 ноябрь куни имзоланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг хабарига кўра, санъаткорлар «ўзбек ва рус маданиятини яқинлаштириш ва бойитишга қўшган ҳиссаси учун» мазкур орден билан мукофотланган.

 

Россиянинг «Дўстлик» ордени 1994 йилда таъсис этилган бўлиб, у Россия ва чет эл фуқароларига халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги хизматлари, фан ва маданият соҳасидаги ютуқлари учун берилади.

 

Маълумот учун, Маданият вазирлиги томонидан Россия Федерациясида «Ўзбекистон маданияти кунлари»нинг намойиши ўтказилиши айтилган эди. Шу муносабат билан 19 ноябрь куни, соат 19:00да Москва шаҳридаги Кремль давлат саройида «Вечер звёзд Узбекистана» номли ўзбек санъати усталари иштирокида концерт дастури намойиши режалаштирилган.

 

Унда Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Фаррух Зокиров, Рамиз Усмонов, Гулсанам Мамазоитова, Ойгул Нодирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Озода Нурсаидова ва Илёс Арабов, опера хонандаси Ширин Маматова, Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Ўринбоев бошчилигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ҳамда Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли иштирок этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//