Бизнес омбудсмани ташқи реклама конструксиялари ноқонуний бузилганда хабар беришни сўради

Сақлаш
16:39 / 13.11.2024 35 0

Тошкент шаҳрида 10 ноябрдан бошлаб ташқи реклама объектларини демонтаж қилиш бошланди. Унда ҳокимлик ходимлари шаҳардаги ноқонуний баннерлар ва реклама конструкцияларини, айрим ҳолларда муассасаларнинг пешлавҳаларини ҳам олиб ташламоқда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) талабга мос рекламалар ноқонуний бузилган ҳолатларда бу ҳақда хабар беришга чақирди.

 

Қайд этилишича, ташқи реклама объектларини ўрнатиш тартиби “Реклама тўғрисида”ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган.

 

Ҳозирда демонтаж ишлари 25-октабр куни қабул қилинган ташқи реклама объектларининг дизайн-коди муносабати билан амалга оширилмоқда. Ҳужжат халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланган. У жойлаштириш мумкин бўлган ташқи реклама турларини, объектларнинг габаритларини, шунингдек жойлаштириш қоидаларини белгилайди. Ташқи рекламани жойлаштириш тартиби 2020 ва 2023 йиллардаги ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган. Ўрнатилган ташқи реклама объектлари қонунчилик талабларига мос бўлмаса, плакатлар ва эълонлар ноқонуний ҳисобланади ва унинг эгаси ўз ҳисобидан белгиланган тартибда демонтаж қилиши керак.

 

“Агарда тадбиркорларнинг қонун талабларига мувофиқ ўрнатилган ташқи реклама объектлари ноқонуний бузилаётган ҳолатлар мавжуд бўлса, 1100 қисқа рақами орқали Бизнес-омбудсманга хабар беришлари сўралади”,  дейилади хабарда.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//