Рақобат қўмитаси уч телеканалга қарши иш қўзғатди

Сақлаш
11:51 / 13.11.2024 56 0

 

Рақобат қўмитаси реклама намойишини меъёрдан оширган уч телеканалга қарши иш қўзғатди.

 

Қўмита телеканалларни рекламага оид ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб мувофиқлаштириш ва қайта кўриб чиқиш бўйича огоҳлантирганди. Бироқ, ижтимоий тармоқларда бир қатор телеканаллар томонидан тақдим этилаётган рекламалар ҳажми кўплиги, реклама роликлари эфири узоқ вақт давом этиши юзасидан қолдирилган мурожаатлар кескин муҳокамаларга ва кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.

 

Қўмита бу борада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда телеканалларда жойлаштирилган рекламалар ҳажмининг реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошираётганини таъкидлади. Олиб борилган таҳлиллар давомида 3 та телеканалда, жумладан «ФТВ», «Мулоқот» ва «Амударё» телеканаллари томонидан жорий йилнинг апрель июль ойларида жойлаштирилган рекламалар ҳажми қонунчилик билан белгиланган меъёрлардан ортиқлиги ҳолатлари аниқланган.

 

Юқоридагиларга асосан, қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонун талаблари бузилиш аломатлари юзасидан бир неча телеканалларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилган.

 

Маълумот ўрнида. «Реклама тўғрисида»ги Қонунинг 27-моддасига мувофиқ, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг (шу жумладан теледўкон рекламаси каби рекламанинг) умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмаслиги белгиланган.

 

Рақобат қўмитаси, юқоридаги ҳолатлар юзасидан бошқа телеканаллар фаолияти бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилаётганини хабар қилган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//