Ўзбекистонда 10 та сел сув омбори қурилади

Сақлаш
14:19 / 08.11.2024 61 0

 

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда фермер хўжаликларида 1 минг 700 та насос йилига 1 миллиард киловатт электр сарфлаши айтилди.

 

Уларга электр харажати учун бу йилги бюджетда 170 миллиард сўм субсидия режа қилинган эди. Келгуси йил бу соҳага яна 250 миллиард сўм ажратилади. Масалан, хоразмлик 92 нафар деҳқон замонавий насос ўрнатиб, электрни 20 фоиз тежаяпти. Қуёш панели ўрнатиш ҳисобига эҳтиёжидан ортган электрни давлатга сотиб, ойига қўшимча 7-8 миллион сўм даромад олаяпти.

 

Хоразм тажрибасини кенгайтириш мақсадида электр харажати учун субсидияни насосларни янгилаш ва қуёш панеллари ўрнатишга боғлаш кераклиги қайд этилди. Ушбу тажриба асосида ҳар йили 1000 тадан фермерни янги тизимга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Яна бир муҳим масала – баҳор ва куздаги сел сувларини йиғиб, суғоришда ишлатиш ҳам кўриб чиқилди.

 

Масалан, Қўшработ туманининг «Хонназор», «Чорлоқ», «Қўрғон», «Шовона» ва «Қийқим» маҳаллаларидан ўтган сойдан йилига 36 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетади.

 

Бу ерда кичик сув омбори қурилса, 2,5 минг гектар ерни ўзлаштириш, янги ерларни интенсив сабзавотчилик учун аҳолига бериб, 4 минг ишсизни банд қилиш ва 600 та оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлиги айтилди.

 

Таъкидланишича, бундай сел сув омборларини Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Фарғонадаги яна 9 та туманда барпо қилиб, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имкони бор.

 

Шу муносабат билан мутасаддиларга 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлаш топширилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//