Қозоғистонда аёл ходимларнинг иш вақтини қисқартириш таклиф қилинди

Сақлаш
14:40 / 07.11.2024 65 0

 

Бундан ташқари мамлакат ҳукуматига пул тўланадиган «декрет» таътилини икки йилгача узайтириш таклифи ҳам берилди. Депутатнинг сўзларига кўра, бу оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Қозоғистонда Скандинавия давлатлари (Финляндия, Норвегия, Швеция) тажрибасидан келиб чиқиб аёллар учун иш вақти қисқартирилиши мумкин. Депутат Қарақат Абден мамлакат бош вазири Олжас Бектенов номига шу каби таклифни йўллаган.

 

Абден ўзининг депутатлик сўровида сўнгги йилларда Қозоғистонда аёллар етакчилиги соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган қатор ислоҳотлар ўтказилганини қайд этган.

 

«Сўнгги йилларда аёл туман ҳокимлари сони 8 фоизга ошди, аёллар раҳбарлик лавозимларига янада дадил ва қатъий ўта бошлади. Аммо кўрилаётган ушбу қадамларга қарамай, бу борадаги ўзгаришлар саноқли кўрсаткичларни ташкил этмоқда, бизга тизимли ўзгаришлар керак», деган Абден.

 

Депутат ўз сўровида келтирган статистикага кўра, 2024 йилда давлат хизматчилари орасидаги аёллар сони 55,7 фоизни ташкил этган, аммо уларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улуши кам – 20,3 фоиз. Шу билан бирга, Абден мамлакат мустақилликка эришгандан бери сиёсий лавозимларни эгаллаган аёллар улуши ҳеч қачон 15 фоиздан ошмаганини таъкидлаган.

 

Депутат ҳукуматга аёллар етакчилигини ривожлантиришга хизмат қиладиган қатор таклифларни билдирган. Хусусан, Қарақат Абден пул тўланадиган «декрет» таътилини икки йилгача узайтириш, шунингдек, Скандинавия давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб аёллар учун иш вақтини қисқартиришни таклиф қилган.

 

«Бу оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади, аёллар фарзанд тарбиясига кўпроқ эътибор қаратади», деган у.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//