Таниқли шоир Мансур Жумаев оламдан ўтди

Сақлаш
15:02 / 05.11.2024 320 0

Бугун ўзбек шеърияти оғир жудоликка учради. Истеъдодли ва таниқли шоир Мансур Жумаев оламдан ўтди. Бу ҳақда унинг яқинлари facebook саҳифасида маълум қилди.

 

Мансур Жумаев 1991 йили Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.Шоирнинг “Оқ орзуларим”, “Ҳайрат қўшиқлари”, “Ҳазрати ишқ” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Яқинда чоп этилган “Излам” туркумида “Биз кутган фасл” номли шеърий тўплами чиққан. Бу шоирнинг охирги китоби бўлиб қолди.

 

***

Манов осмон,

манов юлдуз,

манов япроқ,

манов қушлар

сано айтар ҳабибимга

мингта рангу минг товушда.

 

Манов темир,

манов тошлар

аро нафсим кўзин хушлаб,

манам борман,

ман борарман –

жон ҳовучлаб,

руҳ ҳовучлаб.

 

Келар,

кетар,

тинар,

шошар –

ўнг тарафим,

сўл тарафим…

ичимда бир дарё тошар:

зикри хафий,

зикри хафий.

 

Сассиз кишнар қайғуланиб 

асовларим,

айғирларим…

улуғ севги – пинҳон севги:

ҳайқирмадим,

ҳайқирмадим.

 

Биз шундайин суғро, ғариб,

биз шундайин кубро, шариф,

биз шундайин ялдоли тун,

биз шундайин субҳи зариф.

 

Бизга бир ёр ёрдир – тамиз,

сукут бизни эш этадир:

севгимизни севгилимиз

айтмасак ҳам эшитадир!

 

Мансур Жумаев

 

Oyina.uz жамоаси шоирнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//