"Чорсу" меҳмонхонаси бузилиб, қайтадан қурилади

Сақлаш
21:35 / 04.11.2024 77 0

2 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Чорсу майдонини реконструкция қилиш бўйича охирги лойиҳа тақдим этилди. Чорсунинг янги қиёфаси Дрездендаги Postplatz майдони ва Берлиндаги EDGE Suedkreuz мажмуаси каби реконструкцияларга муаллифлик қилган немис компанияси Tchoban Voss Architekten томонидан ишлаб чиқилган.

 

Янги майдонда қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиб, 2029 йилда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Лойиҳа қиймати 170 миллион АҚШ долларидан ошади ва бу жойда 620 та янги иш ўрни яратилади. Қурилиш натижасида шаҳарга 113 минг квадрат метр турар жой ва тижорат кўчмас мулки қўшилади.

 

 

Реконструкция ишлари доирасида 1982 йилда архитектор Владимир Спивак томонидан қурилган ва ҳозирда техник ҳолати ёмонлашган “Чорсу” меҳмонхонаси ҳам бузилади. Меҳмонхона 2020 йилда e-auksion орқали БААдаги Ittihad International Investment LLC компаниясига сотилган бўлиб, ҳозирда ушбу объектни ўзбек ва хорижий инвесторлар консорциуми томонидан қайта сотиб олиш бўйича келишув юритилмоқда.

 

 

Меҳмонхона биносида 24 йилнинг октябрь ойида ўтказилган техник экспертиза натижаларига кўра, ёғингарчилик ва атроф-муҳит таъсири натижасида меҳмонхона биносининг темир-бетон конструкциялари жиддий деформацияга учраб, қисман барбод бўлган. Арматурали ўзаклар 20 фоизгача майдонини йўқотиб, коррозияга учраган. 14-қаватдан бошлаб бино тепасигача барча устунлар ҳисоб талабларига мувофиқ эмас. Экспертиза хулосасига кўра, бино реконструкция қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, бино яқинда Ўзбекистон маданий мероси рўйхатига киритилмаган ва қўриқланадиган мақомга эга эмас.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//