Энди чегарага яқин ҳудудларда 5 кундан ортиқ қолиш учун алоҳида ҳужжат тақдим қилинади

Сақлаш
19:45 / 29.10.2024 49 0

«Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди.

 

Шунингдек, ушбу ҳужжат билан яна иккита низом ҳам тасдиқланди:

 

▪️ Давлат чегарасини жиҳозлаш, уни шахслар ва транспорт билан кесиб ўтиш, у орқали товарлар олиб ўтиш, чегарада ва чегара минтақасида хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш, шунингдек, чегара низоларини ҳал этиш тартибини белгиловчи Давлат чегараси режими тўғрисидаги низом;

 

▪️ Ўзбекистон ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом.

 

Иккинчи низомга кўра, чегара зонасида доимий яшамайдиган ва беш кундан ортиқ муддатга келадиган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, шу жумладан фуқаролик биометрик паспорти, идентификацияловчи ИД-картаси, хизмат гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳномаси, туғилганлик ҳақида гувоҳномасидан ташқари чегара зонасида бўлиш учун ички ишлар органлари томонидан бериладиган алоҳида рўйхатга олиш варақаси ҳам бўлиши шарт.

 

Бунинг учун улар профилактика инспектори ёки маҳалла раисига мурожаат қилиши лозим. Рўйхатдан ўтказиш варақасининг амал қилиш муддати бир ойни ташкил этади. (Варақа шаклига мисол ушбу ҳаволада)

 

Чегара ҳудудига хизмат сафарига юборилган шахслар ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва хизмат сафари ҳужжатлари бўлиши керак.

 

Чегара ҳудудида жойлашган санаторийлар, дам олиш уйлари, панционатлар, туристик базалар ва бошқа даволаш-соғломлаштириш муассасаларига ташриф буюрувчи фуқароларда муассасалар томонидан бериладиган йўлланма ёки маълумотномалар бўлишлари керак.

 

Болаларнинг чегара ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳларида бўлишига ҳам айнан йўлланмалар асосида йўл қўйилади.

 

Ота-оналар эса шахсини тасдиқловчи ҳужжат билангина 5 кун давомида ушбу ҳудудларга ташриф буюришлари мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//