Жорий йилда оила қурганларнинг 80 фоизини 25 ёшгача бўлган қизлар ташкил қилмоқда

Сақлаш
15:35 / 29.10.2024 54 0

2024 йилнинг январь сентябрь ойлари давомида республикада 179,4 мингта никоҳ қайд этилган. Маълумотга кўра, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 минг бирликка кам.

 

Никоҳларнинг ярмидан кўпи шаҳар ҳудудларига (52,2 фоиз) тўғри келса, қишлоқларда (47,8 фоиз) ушбу кўрсатгич нисбатан пастроқ.

 

Оила қуришда аёлларнинг ўртача ёши 22,5 ёшни, эркакларнинг ўртача ёши эса 27,4 ёшни ташкил этган. Қайд этилган никоҳларнинг энг катта улуши 25 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келган, яъни бунда ушбу ёшдагилар жами никоҳланганларнинг 80,0 фоизини ташкил қилган.

 

Тақсимланганда, никоҳланган аёлларнинг 18,4 фоизи 20 ёшгача, 68,8 фоизи 20–30 ёшгача, 9,3 фоизи 31–40 ёшгача ҳамда 3,5 фоизи 41 ёш ва унда катталар ҳиссасига тўғри келган.

 

Маълумотда мазкур давр учун ажрашган оилалар миқдори ҳам келтирилган бўлиб, ўтган 9 ой давомида бу сон 34 мингтани ташкил қилган. Агар 2020 йил билан солиштирилса, кўрсатгичлар 14,0 мингтага ёки 1,7 баробарга кўпайганини кўриш мумкин.

 

Жорий йилда энг кўп ажрашиш шаҳар ҳудудларига тўғри келган – 62 фоиз (қишлоқларда 38 фоиз).

 

Турмуши бузилган оилаларнинг 16 135 таси (47,5 фоизи) фарзандсизликдан, 9 863 таси (29 фоизи) 1 нафар ҳамда 7 986 таси (23,5 фоизи) 2 ва ундан ортиқ фарзанд билан ажрашган.

 

Ажрашганларнинг ўртача ёши эркаклар учун 35,2 ёшни, аёллар учун 32,4 ёшни ташкил этган. Энг катта улуш 35 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келган. Фоиз ҳисобда эса бу сон ажрашганларнинг 64,3 фоизини ташкил қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//