Ўзбекистон ҳудудидан 2 та қадимий тоғ шаҳарларининг қолдиқлари топилди

Сақлаш
16:40 / 25.10.2024 76 0

Олимлар Ўзбекистон тоғларидан 2 та қадимий шаҳар қолдиқларини аниқлади. VI–XI асрларда мавжуд бўлган ушбу полислар Ипак йўлида ташкил этилган ва гуллаб яшнаган.

 

Reuters нашрининг ёзишича, археологлар замонавий технологиясидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон тоғларида ушбу йўқолган шаҳарларнинг қадимий изларини топишга муяссар бўлган. Улардан бири металл саноати маркази бўлган бўлса, иккинчиси дастлабки ислом таъсирини ўзида акс эттиради.

 

Ушбу мустаҳкам тоғ шаҳарлари денгиз сатҳидан 2000-2200 метр баландликда бўлиб, бир-биридан 5 км узоқликда жойлашган. Улар Европа ва Яқин Шарқни Шарқий Осиё билан боғлаган Ипак йўлидаги энг йирик шаҳарлар қаторига киради.

 

«Бу шаҳарлар фанга мутлақо номаълум эди. Биз топилмаларга мос келадиган очилмаган жойларни тарихий манбалар орқали топишга ҳаракат қиляпмиз», дейди Вашингтон университети археологи Майкл Фрачетти.

 

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу тоғ шаҳарларининг энг каттаси Туғунбулоқ бўлиб, у 300 гектар майдонни эгаллаган. Аҳолиси эса тахминан 10 минг атрофида бўлган.

 

Милоддан аввалги 550 йилдан милодий 1000 йилгача мавжуд бўлган бу шаҳар ўз даврида Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик полислардан бири эди. У ҳатто 70 миля (110 км) узоқликда жойлашган машҳур савдо маркази Самарқанд билан ҳам рақобатлашган.

 

«Туғунбулоқ Марказий Осиёда қайд этилган баланд қалъалар ёки аҳоли пунктларига қараганда бир неча баравар каттароқ ва сирлироқдир», дейди Фрачетти.

 

Манзилгоҳнинг қалин сопол деворлар билан ўралган мустаҳкам биноларидан бирида дастлабки қазиш ишлари натижасида ўчоқ ва печь қолдиқлари топилган. Бу эса ҳудудда темир рудасини эритиб, уни пўлатга айлантирадиган завод бўлганига ишора қилади.

 

Тадқиқотчилар ҳозирда у ерда кимёвий таҳлил йўли билан пўлат ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлаш устида ишламоқда. Таъкидланишича, вилоят IХ–Х асрларда пўлат ишлаб чиқариш билан машҳур бўлган.

 

Фрачеттининг сўзларига кўра, қўй ва қорамол каби чорвачилик маҳсулотлари, жумладан, жун савдоси билан бир қаторда металл саноати ҳам Туғунбулоқ иқтисодиётининг ўзига хос хусусияти бўлган бўлиши мумкин.

 

«Туғунбулоқ Ипак йўлининг илк ўрта асрлардаги сиёсий иқтисодиётини тушунишни анча мураккаблаштиради», дейди у.

 

Иккинчи тоғ шаҳар бу тахминан 730-750 йиллардан 1030-1050 йилларгача мавжуд бўлган Тошбулоқ бўлиб, унинг майдони Туғунбулоқ ҳудудининг атиги ўндан бир қисмига тўғри келади.

 

Бу вилоят қизиқарли маданий хусусиятга эга. Хусусан, бу минтақа ҳудудида ислом дини тарқалишининг дастлабки кўринишини акс эттирувчи катта қабристон ҳам аниқланган (400 та қабр).

 

«Қабристон шаҳарнинг кичик ўлчамига мос келмайди. Тошбулоқ атрофида мафкуравий ўзига тортадиган нарса бўлганки, унда одамлар кўмилган», –дея изоҳ беради Фрачетти.

 

Ўзбекистоннинг жануби-шарқий ҳудудларида ташкил топган, илк ўрта асрларга тааллуқли бўлган мазкур икки манзилгоҳ археологлар дастлабки далилларга дуч келишмагунча унутилиб ётган эди. Эндиликда уларнинг тарохо чуқурлаштирилган ҳолда ўрганилмоқда.

 

Маълумот учун, қадимий шаҳарларни аниқлашга ёрдам берган технология Lidar бўлиб, у топографияни ўлчаш учун ландшафтни лазерлар билан тўлдиради. Бу орқали қадимий иншоотлар, майдонлар, истеҳкомлар, йўллар, турар-жойлар ва бошқа шаҳарлар ҳақида зарурий маълумотлар олиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//