Жамият
Президент фармони билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилди. Унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил қилинди.
Эндиликда ушбу агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳам мазкур ташкилот таркибига ўтказилади ва унинг негизида Миграция жамғармаси тузилади.
Шунингдек, янги тузилмага кейинги йилдан амалга ошириши мумкин бўлган янги ваколат берилди. Жумладан, 2025 йил 1 январдан бошлаб агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади.
Ўтказилган ҳар қандай текшириш натижаси бўйича тузилган баённомалар, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари сони ва хусусияти ҳақидаги маълумотлар эса мажбурий тартибда 5 кунда «Хорижда иш» электрон дастурига жойлаштириб борилиши шарт. Бу агентликнинг мажбурияти сифатида қаралади.
Жорий йилнинг 1 ноябридан хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилади.
Бунда агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўзининг резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади.
Вақтинча меҳнат фаолиятига чиқиб кетаётган фуқароларга эса Миграция жамғармаси ҳисобидан 10 миллион сўмгача икки йил муддатга микрокредитлар ажратилади. Уларнинг хорижда ишга жойлашиши ва «ишчи виза»га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ҳам бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади.
Шу йилнинг 1 декабридан агентлик томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, ушбу санадан хусусий бандлик агентликларига имтиёз ҳам берилади. Хусусан, улар томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8500 бараваридан 4000 бараваригача туширилади.
2026 йил 1 январгача эса агентликнинг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ