«Бегуноҳ болалар қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди» – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
21:30 / 24.10.2024 72 0

 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «БРИКС +» форматидаги саммитда сўзлаган нутқи матни эълон қилинди.

 

Президент Яқин Шарқдаги тобора кескинлашиб бораётган можаро Ўзбекистонни ҳам ташвишга солаётганини, бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бораётганини қайд этган.

 

«Жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда.

 

Бундай шароитда тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, суверенитетга ҳурмат ва ўзининг мустақил тараққиёт йўлига эга бўлиш ҳуқуқи каби тамойилларга асосланиб ҳаракат қилаётган БРИКС ўзини кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва ривожланиб бораётган тузилмаси сифатида намоён этмоқда.

 

Ўзаро алоқаларнинг бундай модели Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини сақлаган ҳолда жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигига ишонамиз.

 

Геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи бўлган, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича янграган даъватларни қўллаб-қувватлайман.

 

Жаҳондаги бошқарув институтларини ислоҳ қилиш ҳамда «Жануб – Жануб» ва «Шимол – Жануб» форматларидаги масъулиятли мулоқотларни кенгайтиришнинг вақти келди, деб ҳисоблаймиз», деган Ўзбекистон президенти.

 

Давлат раҳбари Яқин Шарқдаги можаро ҳақида ҳам тўхталган.

 

«Яқин Шарқдаги тобора кескинлашиб бораётган можаро бизни ҳам ташвишга солмоқда. Бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бормоқда.

 

Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди.

 

Исроил – Фаластин муаммосининг ягона ечими – «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблаймиз», деган Шавкат Мирзиёев.

 

Ўзбекистон етакчиси глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида гапирганда, Афғонистон муаммосини четлаб ўтиш мумкин эмаслигини таъкидлаб ўтган.

 

«Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишдир», дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//