«Улар ўзини катта оғадек тутяпти» – депутат Ўзбекистонга таҳдид қилган айрим рус сиёсатчилари ҳақида

Сақлаш
20:41 / 24.10.2024 91 0

 

Ўзбекистон суверенитети ва манфаатларига зид фикр билдираётган айрим рус сиёсатчилари эскича дунёқарашга эга. Бу ҳақда депутат Бобур Бекмуродов айтиб ўтди.

 

Тошкент шаҳрида «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида турли соҳаларга оид мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. Бугун, 24 октябрь куни ташкил этилган суҳбат Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш мавзусида кечди. Тадбир якунида Олий Мажлис депутати, «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов «Дарё» нашрига интервью берди.

 

Депутат сўнгги пайтларда баъзи рус сиёсатчилари Ўзбекистон суверенитети ва манфаатларига зид фикрлар айтаётганига муносабат билдирган.

 

«Биринчидан, бундай гапларни айтаётган одамлар Россияда жамоатчилик фикрини шакллантирмайди. Масалан, Миронов шу тоифадан. Буни яхши тушуниб олишимиз керак. Ўзбекистон жамоатчилиги таҳдидларга нисбатан фаол жавоб бермоқда. Биз одамларимиз манфаатларига зид бўлган ҳар қанақа тажовузли гапга қарши туряпмиз. Бундан кейин ҳам қарши турамиз», деган депутат.

 

«Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий муносабатлар, парламентлараро ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Эски дунёқарашдаги, ҳатто жамоатчилик фикрини шакллантирмайдиган айрим рус сиёсатчилари ўзини катта оғадек тутаётганини кўряпмиз. Агар Россиянинг ёш, прогрессив депутатлари билан гаплашсангиз, уларда бундай фикрлар йўқ. Шунинг учун эски дунёқарашдаги рус сиёсатчилари ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни айри ҳолда кўриш керак», дея фикр билдирган «Юксалиш» ҳаракати раҳбари.

 

Хулоса қилар экан, Бобур Бекмуродов суверенитет ва манфаатларга қарши ҳар қанақа фикрларга нисбатан Ўзбекистон жамоатчилиги қатъий туриши зарурлигини айтди.

 

«Қандайдир бир оддий тарихчи гапирса ҳам унга жавоб қилиняпти. Доим айтаманки, жавоблар мутаносиб бўлиши керак. Россияда қайсидир фракция раҳбари фикр билдирдими, биздан ҳам фракция раҳбари жавоб бериши лозим. Оддий ўқитувчининг гапига катта сиёсатчилар жавоб қайтариши шарт эмас. Биз катта давлатмиз, аҳолимиз қарийб 40 миллионга яқинлашди. Ўзбекистон буюк тарихга эга. Шунинг учун ўз даражамизни тўғри белгилаб олишимиз керак», дея сўзини якунлаган парламент аъзоси.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//