Беруний номидаги ЮНEСКО–Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди

Сақлаш
17:05 / 24.10.2024 66 0

Мукофот ҳар икки йилда сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ ва инклюзивликни ривожлантириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи лойиҳаларга берилади. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.

 

Парижда ЮНEСКО Ижроия кенгашининг 220-сессияси бўлиб ўтди. Унда аъзо мамлакатлар бир овоздан «Сунъий идрок одоб-ахлоқи соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун Беруний номидаги ЮНEСКО–Ўзбекистон мукофоти»ни таъсис этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

 

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сунъий идрокни ривожлантиришда ахлоқий жиҳатларни тарғиб этиш ва бу борадаги илмий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида илгари сурилган.

 

 

Беруний мукофоти инклюзивлик ва маданий хилма-хилликка алоҳида эътибор берган ҳолда сунъий идрок одоб-ахлоқи соҳасидаги изланишларни рағбатлантиришга қаратилган. Бу Ўзбекистон билан ЮНEСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний илмий меросини халқаро миқёсда оммалаштиришда муҳим қадам бўлади.

 

Бу сунъий идрок одоб-ахлоқи соҳасидаги ютуқлар учун бериладиган БМТ тизимидаги илк халқаро мукофот саналади. У ҳар икки йилда бир маротаба уч нафар ғолибга топширилади. Тақдирлаш сунъий идрок соҳасидаги илмий тадқиқотларни юксалтирувчи ва ахлоқий тамойилларнинг амалда қўлланилишини намойиш этувчи лойиҳа ва ташаббуслар учун амалга оширилади. Ғолибларга пул мукофоти, сертификат ва медаль топширилади.

 

«Илк тақдирлаш маросими 2025 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида бўлиб ўтади, бу эса мазкур ташаббуснинг Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини ифодалайди», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

 

 

Ғолиблар сунъий идрок соҳасидаги етакчи мутахассислардан иборат мустақил халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади.

 

Ушбу мукофот сунъий идрокни ишлаб чиқишда нафақат ахлоқий ёндашувларнинг муҳимлигига урғу беради, балки жаҳоншумул чақириқларга ечим топишга йўналтирилган халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янада кенг қамровли саъй-ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//