Норвегияда 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланмоқда

Сақлаш
15:41 / 24.10.2024 103 0

Мамлакат бош вазири болаларни «алгоритм кучи»дан ҳимоя қилиш кераклигини таъкидлаган.

 

Норвегияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланмоқда. Ҳозирда мамлакатда бундай чеклов 13 ёшгача бўлган болалар учун амал қилади. Аввалроқ Австралияда ҳам бу масала кўриб чиқилаётганди.

 

Норвегия ҳукумати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун қатъий ёш чекловини жорий этишни режалаштирмоқда. Энди улардан 15 ёшдан кичик болалар фойдалана олмайди, дея хабар берган The Guardian нашри бош вазир Ёнас Гар Стерега таяниб.

 

Ҳукумат раҳбарининг айтишича, сиёсатчилар болаларни ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентдан ва «алгоритмлар ҳукмронлиги»дан ҳимоя қилиш учун вазиятга аралашишлари зарур.

 

Скандинавия давлатида аллақачон ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг минимал ёш чегараси мавжуд — 13 ёш. Шунга қарамай, ўтказилган тадқиқотга кўра, тўққиз ёшли болаларнинг ярмидан кўпи, 10 ёшлиларнинг 58 фоизи ва 11 ёшлиларнинг 72 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.

 

Центабр ойида Австралия ҳукумати болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаётганини эълон қилганди. Мамлакатда болага интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат бериладиган минимал ёш белгиланиши мумкин.

 

Бундай ёш ҳозирча аниқланмаган. Бош вазири Энтони Албанезенинг сўзларига кўра, ҳукумат 14−16 ёшгача бўлган болаларнинг Instagram ва TikTokʼдан фойдаланишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда, унинг ўзи эса минимал ёшни 16 ёш қилиб белгилашни маъқул кўряпти.

 

Франция эса 15 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мактабда мобил телефонларни тақиқлашни синовдан ўтказмоқда. Агар бу тажриба муваффақиятли бўлса, январь ойидан бошлаб ушбу амалиёт бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//