1993 йилда қабул қилинган қонун илк бор янгиланмоқда

Сақлаш
22:03 / 23.10.2024 64 0

1993 йил 7 майда қабул қилинган «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қарийб 30 йил деганда илк бор янгиланмоқда.

 

Мазкур қонун лойиҳаси бугун, 23 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

 

«Давлат сирлари билан танишиш ва танишишга рухсат бериш тартиби, махфийлаштирилмайдиган маълумотлар тоифалари, давлатлар ўртасида давлат сирларини ўзаро алмашиш тизими амалдаги қонунда тартибга солинмаганлиги бугунги кунда мамлакатда олиб борилаётган очиқлик ва ахборот алмашиш талабларига зиддир», дейди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров ҳужжатнинг янгиланишига изоҳ бериш давомида.

 

У қонуннинг эски варианти мутахассислар томонидан таҳлил қилинганда унда такомиллаштирилиши, қўшимчалар киритилиши керак бўлган нормалар мавжудлиги аниқланганини айтади.

 

Маълумот учун, давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар 4 тоифага бўлинади:

 

▪️ Ҳарбий соҳадаги;

 

▪️ Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий соҳадаги;

 

▪️ Разведка ва контр-разведка, тезкор қидирув фаолияти ва бошқа давлат хавфсизлиги йўналишларига оид;

 

▪️ Иқтисодиёт, таълим ва техника соҳаларига оид.

 

Ушбу рўйхат ҳукуматнинг 1994 йилдаги қарори билан тасдиқланган йўриқномада махфий грифда берилган бўлиб, эндиликда унинг қонун билан очиб берилиши бугунги кундаги очиқлик сиёсатига мос келади.

 

Жумладан, давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи 18 ёшга тўлган шахсларга берилиши, Ўзбекистон фуқароси бўлмаганларга эса рухсатнома халқаро шартномалар ва Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мос келиши шарти билан берилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

 

Бундан ташқари, янгиланган ҳужжатда махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати ва ушбу маълумотларни махфийлаштириш бўйича асоссиз қарор қабул қилганлик бўйича жавобгарлик белгилаш, фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларни давлат сирларига киритилишини маън этиш аниқ белгиланмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//