Сиёсат
Бугунги кунгача профессионал таълим тизими 3 турдаги муассасалардан иборат эди.
Бунда уларнинг сони:
▪️ касб-ҳунар мактаби – 333 та;
▪️ коллеж – 112 та;
▪️ техникум – 227 тани (жами 672 та) ташкил қилган.
Ушбу таълим масканлари айнан табақалашгани ва дастурлари ўртасида узвийлик бўлмагани оқибатида уларнинг қувватларидан унумли фойдаланилмай келинаётган эди.
Эндиликда эса Президент фармони билан мазкур 3 турдаги касб ўргатувчи ташкилотлар ягона муассаса – техникумларга айлантирилади. Бунда 672 та муассасадан 600 таси техникумга айлантирилса, 71 таси мактабларга берилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўринлари яратилади.
Барча дастурларни битта муассаса негизида ўқитиш натижасида эса таълим даражаларининг узвийлиги, узлуксизлиги ва интеграцияси таъминланади ҳамда уларнинг смена коэффициенти нормаллашади.
Масалан, профессионал ва олий таълим модулларини ягона дастурга бирлаштириш мумкин бўлади. Ўқитиш эса «2+2», «1+3» тарзида мослашувчан дастурлар бўйича йўлга қўйилади.
«Техникумларда ўқиш муддатлари ва давомийлиги касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланади. Мисол учун, «Экспедитор» касби бўйича 9-синф битирувчиси 3 йил ўқиса, 11-синф битирувчиси 2 йил ўқийди», дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова.
Узвийлик тамойилига асосан, ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчилари ўзлаштирган модуллари, тўпланган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (ГПА) келиб чиқиб, бакалавриатнинг муайян босқичидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Техникумларнинг мустақиллиги ҳам кенгайтирилади. Хусусан, уларга иш берувчилар талаби асосида фанлар сони ва соатларини 30 фоизгача ўзгартириш ва қўшма дастурларни жорий қилиш ваколати берилади. Шунингдек, техникумлар буюртмачилар билан контракт асосида кадрларни тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш, ушбу дастурларнинг қабул параметрлари, таълим тили ва қийматини ҳам мустақил белгилай олади. Бундан ташқари, уларда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш, тушган пуллар ҳисобидан ўзининг моддий ҳолатини яхшилаш, ўқувчилар ва педагогларни рағбатлантириш ҳуқуқи бўлади.
Касб-ҳунарга ўргатишнинг янги тармоғида дарслар халқаро таълим дастурлари асосида ташкил этилади. Аввало тажриба тариқасида дастурлар сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида 14 та техникумда 12 та квалификация бўйича Pirson компаниясининг BITEK дастурини жорий қилинади. Бунда ҳар битта техникумда BITEK дастури бўйича алоҳида бўлим тузилади. Бўлим ходимлари Pirson компанияси билан ҳамкорликда дастур жорий қилинишини тўлиқ мувофиқлаштириб боради. BITEK дастурига мослаштирилган муассасаларга тўлиқ академик мустақиллик берилади.
Мазкур дастур натижасидан келиб чиқиб, ушбу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилади.
Ўқитиш жараёнига иш берувчилар кенг жалб қилинади. Жорий тартиб қоидасига кўра, қабул параметрлари ва таълим дастурлари иш берувчилар талаби асосида эмас, балки таълим муассасаларидаги ўқитувчилар ва мавжуд асбоб-ускуналардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилар эди. Оқибатда муайян ҳудудларда муайян ўрта бўғин кадрларга эҳтиёж бўлсада, ўша ҳудудда жойлашган техникумда ушбу соҳада мутахассислар тайёрланмасди.
Энди бундай ҳолат такрорланмаслиги учун қабул параметрларини шакллантириш бўйича электрон платформа яратилади. Бунда барча вазирлик ва иш берувчилар унга уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари тармоқ кенгашлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.
Битирувчиларнинг якуний аттестацияси иш берувчилар ва уюшмалар вакиллари иштирокида амалий имтиҳон шаклида ўтказилади. Профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар билимини якуний баҳолаш асосан муассасадаги ходимлардан ташкил топган комиссия томонидан ўтказилишга барҳам берилади.
Олдинги тажрибага асосан, маълум бир тармоқ бўйича айрим профессионал таълим муассасалари қайсидир вазирлик қарамоғида эди. Энди янги тартибга кўра, барча техникумлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасарруфига ўтказилади.
Шу сабабли ҳам мазкур вазирлик таълим муассасаларида ўқитилиши мумкин бўлган касблар рўйхати, улар бўйича бериладиган малака даражалари ва ўқитишнинг минимал муддатларини белгилайди.
Техникумларнинг директор ва директор ўринбосари лавозимларига талабгорларни танлаш Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг онлайн платформаси орқали очиқ танлов асосида амалга оширилади.
Техникум директорлари билан 3 йиллик меҳнат шартномасини тузиш ва фаолият натижасидан келиб чиқиб, улар билан шартномани узайтириш ёки бекор қилиш тартиби жорий этилади.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ