Сиёсат
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини, икки томонлама салоҳиятдан фойдаланиш йўлларини батафсил муҳокама қилди ва Ўзбекистон – Қозоғистон шериклигини кенгайтиришга сезиларли туртки берадиган бир қатор қарорлар қабул қилди.
«Ўзбекистон биз учун алоҳида аҳамиятга эга мамлакат, чунки ўзбек халқи – асрлар давомида ўзининг бетакрор анъаналари ва бой маданиятига муҳаббат асраб келган бунёдкор халқ сифатида чуқур ҳурматга лойиқдир. Буюк Абай ҳам ўзбек халқининг энг яхши фазилатларини кўриб, улардан ўрнак олишга чақирган.
Бугунги самарали музокаралар яна бир бор кўп қиррали ҳамкорлигимизни ҳар томонлама кенгайтиришга бўлган ўзаро интилишимизни тасдиқлади. Эришилган келишувлар икки халқнинг туб манфаатларига тўлиқ мос келади ҳамда қозоқ–ўзбек дўстлиги, яхши қўшничилиги, стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкамлигини намоён этади.
Қозоғистон Президенти сифатида мен Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга биринчи даражали эътибор қаратишни ўз бурчим деб биламан. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, турли хил «экспертлар»нинг асоссиз гумонларига қарамай, Қозоғистон ва Ўзбекистон асло рақиб ҳам, ҳатто рақобатчи ҳам эмас. Аксинча, улар — тараққиёт ва ривожланиш йўлида бирга бораётган стратегик ҳамкорлар ва ишончли иттифоқчилардир.
Халқимиз – чин дилдан бир-бирини ҳурмат қиладиган ҳақиқий биродарлар, яқин дўстлардир. Икки томонлама муносабатлар мислсиз даражада юксак босқичга кўтарилгани ва Марказий Осиё бутун дунёга дўстлик ва ҳамкорлик минтақаси сифатида танилгани – буларнинг барчасида ҳурматли Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг улкан хизматлари бор.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли раҳбарлиги туфайли Ўзбекистон сўнгги йилларда улкан натижаларга эришди. Мамлакат кўплаб соҳаларда жадал ривожланаётган давлат сифатида бутун дунёда танилди. Кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари юксак иқтисодий ўсиш суръатларида, аҳоли фаровонлигининг ортишида, шаҳарларнинг замонавий қиёфага киришида ҳамда қишлоқ жойларининг сифатли ривожланишида ўз ифодасини топмоқда.
Ўзбекистон халқаро майдондаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади, минтақавий ва глобал хавфсизлик ҳамда ҳамкорликни таъминлашга муҳим ҳисса қўшмоқда. Қозоғистон биродар ўзбек халқини чин дилдан қўллаб-қувватлайди», деди Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилда таъсис этилган Олий давлатлараро кенгаш формати ўзининг долзарблиги ва самарадорлигини кўрсатганини таъкидлади.
«Муносабатларимиз бугунги кунда энг юқори – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди», деди Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Етакчилар гуманитар алоқалар ҳам алоҳида ўрин тутишини қайд этди. Жорий йилда Олмаота ва Остона шаҳарларида қўшма маданий тадбирлар – «Лазги» балети, рассомлар кўргазмаси, адабиётчилар форуми ва ёшлар фестивали, шунингдек, Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари ва Тошкент шаҳрида Остона кунлари муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан урғуланди.
Фан ва таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни давом эттириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олинди.
Қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тарихий қадамжолари, бой маданий ва маънавий меросини оммалаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатлараро олий кенгашнинг иккинчи йиғилиши якунида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Йиғилишдан сўнг давлат раҳбарлари йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди.
Хусусан, «Марказий Осиё» Халқаро саноат кооперацияси маркази ва «Тенге Банк»нинг Тошкентдаги янги бош офиси ишга туширилди.
Бундан ташқари, «Silkway Central Asia» кўп тармоқли логистика маркази, чизиқли алкилбензол ишлаб чиқариш қувватлари, Янги Тошкентда «Остона» мавзеси ҳамда пойтахтларда «Тошкент» ва «Остона» меҳмонхона мажмуалари қурилиши ҳам бошланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ушбу лойиҳалар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Сиёсат
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
77375
Жамият
56500
Жамият
55700
Жамият
50750
Жамият
//
Изоҳ йўқ