2135 ta belgi 240 ta so‘z Ўзбекистонда учта йирик экологик лойиҳа ишга туширилади

Сақлаш
16:05 / 14.11.2025 4 0

Россиянинг "Караван Инфо" ахборот агентлигида "Ўзбекистонда президент ташаббуси билан учта йирик экологик лойиҳа ишга туширилади" номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 

Мақолада қайд этилганидек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган учта йирик лойиҳани амалга оширишга старт берди.

 

Ушбу "Тоза ҳаво", "Чиқиндисиз тоза Ўзбекистон" ва "Экомерос" лойиҳалари аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш, ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлашни мақсад қилади.

 

Агентлик маълумотига кўра, муҳим ташаббуслардан бири — "Тоза ҳаво" лойиҳасидир. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг "Ўзбекистон 24" телеканалига айтганидек, ушбу лойиҳа доирасида ягона экологик мониторинг маркази ташкил этилади. Биринчи ва иккинчи тоифадаги саноат корхоналарини замонавий фильтр ва тозалаш иншоотлари билан жиҳозлаш асосий қадам сифатида белгиланган. Бу чора-тадбирлар атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.

 

Яна бир йирик ташаббус — "Чиқиндисиз тоза Ўзбекистон" лойиҳаси бўлиб, у чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг мутлақо янги, замонавий тизимини яратишни назарда тутади. Президент ушбу йўналишда хусусий секторни фаол жалб этиш бўйича алоҳида кўрсатма бергани таъкидланади.

 

"Экомерос" деб номланган учинчи лойиҳа эса Ўзбекистоннинг ноёб табиий асрашга қаратилган. У муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, қўриқхоналар ва миллий боғларни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, экологик мувозанатни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Мақолада таъкидланишича, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонда экологик хавфсизликни кучайтириш, аҳоли ҳаёт сифатини ошириш ва барқарор ривожланишга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//