«Ҳозир экология худди рақамли технологиялардай долзарб» – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
20:31 / 21.10.2024 59 0

Шавкат Мирзиёев бугун, 21 октябрь куни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети – Green University'га ташриф буюрди.

 

Маълумот учун, ушбу олий таълим муассасаси Президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, у экология соҳасидаги яхлит олий таълим даргоҳи ҳисобланади.

 

Университетда талабалар атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, атроф-муҳит ва иқтисодиёт, экология ва давлат бошқаруви, барқарор ривожланиш, барқарор молия, экология ҳуқуқи, атроф-муҳит соҳасида оммавий коммуникациялар йўналишларида сабоқ олади. Ўқув жараёни «Ҳуб анд Споке» тамойили асосида ташкил қилинган.

 

Таълим инглиз тилида олиб борилади. Бунинг учун эса АҚШ, Буюк Британия, Мексика ва Франциядан чет эллик ўқитувчилар ҳам жалб этилган.

 

Университетда хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва касбий тажриба алмашиш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ўқув дастурлари ҳамкорликда, «фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси» тамойили асосида ишлаб чиқилган.

 

Президент университет мутахассислари ва талабалари билан суҳбатлашиш давомида назарий билимларни тезроқ амалиётда синаб кўриш зарурлигини таъкидлади.

 

«Ҳозир экология худди рақамли технологиялардай долзарб. Келажакда ҳамма соҳа атроф-муҳит билан ҳамоҳанг бўлади. Шунинг учун бу ерда экологик иқтисодиёт, молия, ҳуқуқ каби йўналишлар ташкил этилди. Энди дуал таълимни кенгайтириб, бу ердаги билимларни тезроқ жойларда татбиқ қилиш керак».

 

Президент, шунингдек, ер, сув, биохилма-хиллик ва чиқинди намуналари ҳар хил муҳитда текширилиб, илмий хулосалар бериладиган университет лабораториясини ҳам кўздан кечирди. Ундан етарлича фойдаланиш кераклиги ҳақида гапирди.

 

«Бу ерда илмий салоҳият бор, зарур ускуналар бор. Бундан самарали фойдаланиш керак. Масалан, ер-сув шароитлари оғир туманлар бўйича шартнома асосида таҳлиллар ўтказиш мумкин. Бу икки томонлама манфаатли бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Хабарда келтирилишича, Юнусобод туманидаги ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги собиқ коллежлар бинолари таъмирланиб, кампусга айлантирилиши режалаштирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса университетнинг имкониятларини кенгайтиришдир.

 

Экология соҳасида қуйи бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида давлат раҳбари мутасаддиларга Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятда техникумлар ташкил этиш бўйича топшириқлар ҳам берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//