Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида савдо-кўнгилочар бульвари ташкил этилади

Сақлаш
21:53 / 17.10.2024 114 0

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва «Тошкент инвест» компанияси Янгиҳаёт туманида жамоат савдо-кўнгилочар бульварини қуриш учун инвестор қидирмоқда. Узунлиги 1 км бўлган ушбу бульварда тамаддихоналар, спорт, савдо ва болалар учун кўнгилочар жойлар бўлади.

 

Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Тошкент инвест» компанияси билан биргаликда пойтахт тадбиркорларига Янгиҳаёт туманида давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) асосида жамоат савдо ва кўнгилочар бульварини ташкил этиш бўйича экологик лойиҳада иштирок этишни таклиф қилди.

 

«Ушбу бульвар – болалар билан дам олиш, гастрономия, кўнгилочар тадбирлар ва шаҳар ҳаёти бирлашадиган жой бўлади», – дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида. Режага кўра, бульвар ҳудуд аҳолисининг спорт, савдо-сотиқ билан шуғулланиши учун ҳам имконият яратади.

 

Лойиҳа иншоотлари енгил конструкциялардан қурилади, бу эса инвесторлар учун қурилиш жараёнини тезлаштиради, дейилади хабарда. Дастлабки босқичда лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олади:

 

гастрономик ҳудуд: қаҳвахоналар, ресторанлар, тез тайёрланувчи таомлар (фаст фоод) ва бошқалар;

 

спорт ҳудуди: фитнес маркази, баскетбол майдончаси, футбол майдони ва кўча спорти учун бошқа иншоотлар, шунингдек, спорт товарлари дўконлари;

 

савдо ҳудуди: кийим-кечак дўконлари, эко бозор ва бошқа савдо бинолари;

 

болалар кўнгилочар ҳудуди: батут маркази, ўйин майдончалари ва болалар автодроми.

 

Лойиҳа майдони 3,1 гектарни, бульварнинг узунлиги эса 1 километрни ташкил этади. Режалаштирилган контейнерлар (савдо майдончаларини жойлаштириш учун) 250 та бўлади.

 

Ҳокимликнинг қайд этишича, объект давлат-хусусий шериклик шартлари асосида инвесторга узоқ муддатли ижарага берилиши мумкин.

 

Бульвар Янгихаёт тумани, Сергели-8 турар жой массиви, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб қурилади.

 

Лойиҳанинг дастлабки концепцияси аллақачон ишлаб чиқилган бўлиб, уни «Тошкент инвест» компанияси билан боғланиш орқали кўриш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//