"Жаҳон иқтисодий тафаккур элитаси"га кирган Жан Тироль Тошкентга келди. Очиқ мулоқотда қандай масалалар муҳокама қилинди?

Сақлаш
22:03 / 15.10.2024 56 0
Фото: Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги

14 октябрь куни Тошкентда Марказий Осиё университетлари форум-олди тадбири бўлиб ўтди. Минтақада илк бор ташкиллаштирилган халқаро форумнинг “Марказий Осиёнинг маънавий ва интеллектуал уйғониши” тадбирларида Франциялик иқтисодчи, Нобель мукофоти совриндори Жан Тироль ҳам иштирок этди.

 

Ўзбекистон таълим тизимига дунё тажрибасини олиб кириш мақсадида ташкиллаштирилган мазкур Форум кун тартиби икки – “Йирик монополь компанияларни бошқариш ва тартибга солишнинг энг самарали усуллари” мавзуида маъруза ва халқ фаровонлигига эришиш бўйича очиқ мулоқот сессияларига бўлинди.

 

Икки сессия орасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазири Ҳилола Умарова франциялик олим билан музокара олиб борди.

 

 

“Сизнинг тажрибангиз, иқтисодиёт йўлида қилган ишларингиз, хусусан, Иқтисодиёт мактабини ташкил қилганингиз таҳсинга лойиқ!” – дейди вазир, олимни эътироф этаркан.

 

 

Жан Тироль “Йирик монополь компанияларни бошқариш ва тартибга солишнинг энг самарали усуллари” мавзуидаги маърузада Google, Meta, Apple, Amazon, Alibaba ёки Tencent каби компаниялар ўз бозор сегментида устунлик қилиши билан бир вақтда илмий-тадқиқот ишларининг асосий иштирокчиси ҳисобланиши ҳақида маълумот берди.

 

“Ажабланарлиси, улар ўзларининг йирик ва якка пешқадамликка асосланган фаолияти билан монополияга қарши жиддий текширувни амалга оширади” – дея, маъруза давомида ушбу мунозарали жараёнларда дунёдаги бизнес стратегияларини тушунтириш ва тартибга солиш бўйича ўз таҳлиллари ҳақида гапириб берди.

 

Очиқ мулоқот сессиясида илм-фанга, мамлакатнинг иқтисодий барқарор фаровонлигига бефарқ бўлмаган ватандошлар билан бир қаторда, АҚШ, Хитой, Германия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Канада, Ҳиндистон каби 20 та давлатдан 160 дан зиёд иштирокчи қатнашиш таклифини билдирган. Ўзбекистондан эса қарийб 60 та таълим соҳасидаги халқаро ташкилот раҳбарлари ҳамда 97 та хорижий олийгоҳ вакиллари иштирок этди. Очиқ мулоқот сессиясини вазир Ҳилола Умарова очиб берди:

 

“Бугунги маърузада Республика бўйлаб ёш иқтисодчилар ва шу йўналишга қизиққан бошқа ёшлар ҳам йиғилганидан бағоятда хурсандман. Маърузадан ўзингиз учун керакли ва фойдали билимларни олишингиздан, ўзингизни қизиқтирган саволларга эркин, очиқ мулоқот шаклида жавоб олишингизга тилакдошман”.

 

Очиқ маърузада олим шахсий манфаатлар ва ижтимоий фаровонлик ўртасидаги мувозанатни тушунтириб, халқ фаровонлигига эришиш бўйича ўз изланишлари билан бўлишди:

 

“Иқтисодиёт ва бошқа ижтимоий фанларнинг мақсади дунёни инсонлар учун қулай яшаш маконига айлантиришга ҳисса қўшишдир. Бу эса аввало жамоатчилик назоратини кучайтириш, мавжуд меъёрларни доимий ўзгартириб боришни талаб этади. Бозор иқтисодиёти ҳозирда деярли барча мамлакатларда ижтимоий ҳаётнинг муҳим бўғинига айланиб бормоқда. Аммо жаҳондаги иқтисодий инқироз ва дунё бозорларининг тез-тез муваффақиятсизликка учраши натижасида давлатлар сиёсати ҳам шунга мос равишда ўзгаришда давом этмоқда. Бу параллель муваффақиятсизлик ортидан катта сиёсий шахслар ва умумий манфаатлар ўртасидаги тафовутлар вужудга келади. Бизнинг тадқиқотларимизда шундай вазиятларда давлат сиёсатини қандай ташкил қилиш ва замонавий давлатни лойиҳалаш масаласи батафсил баён этилган” – дейди иқтисодчи.

 

 

Маъруза якунида иштирокчилар, шунингдек, хорижий таълим муассасаларидан келган вакиллар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Савол-жавоб қисмида қатнашган иштирокчиларга Жан Тиролнинг дастхати туширилган китоблар топширилди.

 

Жаҳон иқтисодий тафаккур элитасига кирган Жан Тироль ҳақида

 

Дунё тан олган франциялик иқтисодчи Жан Тироль 2014 йилги Нобель мукофотининг Иқтисод йўналиши бўйича совриндори саналади. Олим Монополияни бошқариш ва бозорни тартибга солиш соҳаларидаги долзарб муаммоларга энг яхши ечимларни илгари сурганлиги учун мазкур мукофот билан тақдирланган.

 

Унинг “Бозорлар ва бозор кучи: саноат ташкилоти назарияси” номли асосий асари 1988 йилда нашр этилган бўлиб, 26 йилдан сўнг шу иши учун Нобель қўмитаси унга мукофотни топширган. Ушбу тадқиқот компанияларнинг монополистик хатти-ҳаракатларини ва рақобатни ҳимоя қилиш учун тартибга солиш зарурлигини тушунишга муҳим ҳисса қўшган. У ўз китобида фойдани кўпайтириш механизмлари ва монополистик амалиётларни, шунингдек, ушбу ҳодисаларга қарши курашиш усулларини таҳлил қилган.

 

Олимнинг илк фаолияти

 

Жан Тироль 1980 йиллардан бошлаб, иқтисодиётнинг муайян тармоқларида – банкдан то телекоммуникация ва рақамли платформаларгача монополияга қарши тартибга солиш назариясини ишлаб чиққан. Ҳозирда у жаҳон иқтисодий тафаккур элитасига кириб, Pol Samuyelson, Vasiliy Leontyev, Leonid Kantorovich ва Moris Alleкабилар қаторидан муносиб ўрин эгаллаган.

 

Бугунги кунда эса олим Tuluza университети профессори ва саноатни ташкил этиш соҳасида дунёда етакчи мутахассислардан бири саналади. У ўз фаолиятида компанияларнинг олигополистик бозорларда ўзини қандай тутиши ва тўғри тартибга солинмагани нархларнинг ошиши ва рақобатни бостириш каби салбий ижтимоий оқибатларга олиб келишини таҳлил қилади.

 

Олимнинг илмий фаолияти

 

Тиролнинг илмий фаолияти 100 дан ортиқ нашр этилган асарларни қамраб олади, уларнинг аксарияти Нобел мукофотини олишдан олдин ҳам машҳур бўлиб кетган. Унинг дарсликлари дунёнинг кўплаб университетларида, жумладан Франция, АҚШ ва Буюк Британияда қўлланилади. Унинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси нафақат илмий жамоатчилик, балки рақобат сиёсати билан шуғулланувчи амалиётчилар томонидан ҳам эътироф этилади.

 

Тироль ўз ишида монополияни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш учун эҳтиёткорлик билан тартибга солиш зарурлигини таъкидлайди. Бу айниқса замонавий технология компанияларининг ўсиши ва уларнинг жаҳон иқтисодиётига таъсири шароитида муҳим аҳамиятга эга.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//