Боғча қуриш ва таъмирлашга кўмаклашадиган янги тартиб ишга тушди

Сақлаш
17:53 / 15.10.2024 76 0

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Менинг боғчам» лойиҳаси бўйича овоз бериш жараёни бошланганини маълум қилди.

 

Мазкур босқич 25 октябрь куни, соат 10:00 га қадар давом этади.

 

Маълумот учун, 2025 йилги давлат бюджетидан боғчалар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи янги лойиҳа доирасида сарфланади. Дастлабки босқичда эса янги боғчалар қурилишига урғу берилади.

 

«Янги «Менинг боғчам» лойиҳаси орқали мамлакатда боғчалар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишда жамоатчилик иштирокини таъминламоқчимиз», деган эди Вазирлик бўлим бошлиғи Сирожиддин Қутлиев Дарйўга берган интервьюсида.

 

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилдан бошлаб боғчалар учун ажратиладиган бюджет маблағларининг ярми жамоатчилик иштирокида йўналтирилади.

 

Бу лойиҳада овоз бериш жараёни олдингиларидан фарқ қилади. Яъни, қурилиши ёки реконструкция қилиниши режалаштирилган боғчалар рўйхатини масъул ташкилотлар (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) «Очиқ бюджет» порталига киритади. Фуқаролар эса тайёр лойиҳага овоз беради.

 

«Бунда аҳоли ҳудудида янги боғча қурилишига ёки бўлмаса, шароити оғир аҳволдаги боғчани реконструкция қилишга овоз беради. Жараёнда бир фуқаро бир овоз бериш имконга эга бўлади. Порталда энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ғолиб деб эълон қилинади ва 2025 йилги инвестиция дастурига киритилади, дея изоҳ берган эди вазирлик етакчи мутахассиси Улуғбек Чориев.

 

Бугундан старт олган янги лойиҳада фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида овоз беришнинг 3 та усули таклиф этилган:

▪️ «Очиқ бюджет» порталининг веб-саҳифаси орқали;

▪️ порталнинг мобил иловаси (Android ва iOS) орқали;

▪️ Telegramдаги расмий бот орқали.

 

Лойиҳалар рўйхати билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин.

 

Маълумот ўрнида, август ойида берилган маълумотда Ўзбекистонда 37 548 та боғча фаолият юритаётгани, шундан 6 867 таси давлат боғчаси ҳисобланиши айтилган.

 

Республиканинг 500 дан ортиқ ҳудудида айни вақтда янги боғчалар қуришга эҳтиёж сезилмоқда. Жами 6 867 та давлат боғчаларининг 20–25 фоизи эса 30-40 йил илгари қурилган ва реконструкцияга муҳтож.

 

«Менинг боғчам» лойиҳаси доирасида келаси йили қурилиши режалаштирилган боғчалар учун давлат бюджетидан 400 млрд сўм атрофида маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//