Иқтисод
Тошкент вилоятига қилган ташрифи аввалида Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳаларни бориб кўрди.
Президент Тошкент туманидаги Келес йўли кўчаси бўйлаб амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, шу ернинг ўзида туманда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш масалалари юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 6 ойида туман иқтисодиёти 23 фоиз ўсган. Янги қурилишлар ва улардаги корхоналар негизида солиқ манбаси кўпайган. Аҳволи оғир бўлган 372 та оилага кўмаклашиш учун масъуллар ва чоралар белгиланган.
Режадаги лойиҳалар, бандлик ҳамда тадбиркорлик дастурлари доирасида йил якунига қадар 34 минг 443 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Давлат раҳбари хонадонлардаги имкониятларни юзага чиқариш, тадбиркорларнинг камбағал оила вакилларини ишга олишини рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.
«Тошкент тумани пойтахтимизнинг ёнгинасида. Бу ерда уй-жой, ишлаб чиқариш, тижорат, хизмат бўйича жуда катта имкониятлар бор. Иш тўғри ташкил қилинса, ўзи бу туманда камбағалчилик бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун иқтисодий комплексга, маҳаллаларга бераётган имкониятлардан фойдаланиб, камбағалликдан фаровонлик сари юриш керак, — деди Президент.
Маълумот учун, Тошкент туманида йил якуни билан қарийб 53 млн доллар инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига саноатда 9 фоиз, хизмат кўрсатишда 13 фоиз ўсиш суръати бўлиши кутилмоқда.
Кейинги манзил Зангиота туманидаги «Technologies of real time» Ўзбекистон–Сингапур қўшма корхонаси бўлди.
Автомобиль эҳтиёт қисмларини тайёрловчи мазкур завод бугунги кунда 118 хил русумдаги автомобилларнинг юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 750 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳсулотлар буюртма асосида Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади. Хусусан, UzAuto Motors'нинг Хоразм вилоятидаги заводига Дамас ва Лабо автомобиллари учун 773 минг дона эҳтиёт қисмлар етказиб берилган.
Бундан ташқари, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Украина, Бирлашган Араб Амирликларига 3 млн долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб берилган. Жорий йилнинг тўққиз ойида 2 млн доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган.
Корхонада 220 та иш ўрни яратилган. Ходимлар шу ердаги курсларда ўқитилиб, кейин ишга қабул қилинади.
Шавкат Мирзиёев заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, мутахассислар билан мулоқот қилди. Корхона шоурумида тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Келгуси режаларга кўра, 2025 йилда 1,15 млн долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада BYD, Chery, Changan, Geely avto, Dongfeng каби янги автомобиль брендлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Навбатдаги ташриф Янгийўл туманидаги «Тинчлик» кичик саноат зонасида бўлди. Президент шунингдек, у ердаги «Enter steel» корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
«Тинчлик» кичик саноат зонасига қурилиш материаллари, енгил саноат, озиқ-овқат тармоқларида ўн бешта лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, шундан ўнтаси ишга туширилган. Уларда ўтган йили 295 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Ҳозирча бу корхоналарда 1 минг 500 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Барча лойиҳалар ишга тушса, бандлик яна ортади.
«Энтер Стеэл» корхонасида эса металл конструкциялар, юқори босимга чидамли резервуарлар, юк кўтарувчи кранлар, бурғилаш ускуналари, пайвандлаш электродлари, металл эшик, электр қутилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 40 миллион доллар бўлиб, унга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган. Бу ерга Хитой, Япония, Россия, Туркия, Италия, Испания, Германия ва Нидерландия каби давлатлардан ускуналар келтирилган. Бу эса маҳсулотлар сифати ва иш унумдорлиги юқори бўлишига хизмат қилмоқда.
Корхонада жами 1 минг 500 кишини иш билан таъминлаш имкони бор.
Давлат раҳбари корхонанинг иш жараёнини кўздан кечириб, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Шунингдек, мутасаддиларга корхона маҳсулотлари зарур бўлган тармоқлар билан кооперацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ