Ўзбекистон Халқаро космос шартномасига аъзо бўлди

Сақлаш
19:34 / 14.10.2024 58 0

10 октябрь куни Космик фазо, шу жумладан Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти принциплари тўғрисидаги шартномага қўшилиш ҳақида Президент қарори имзоланди.

 

Ҳужжат 2024 йил 2 июль куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бўлса, 15 август санасида Сенат томонидан маъқулланган эди.

 

«Шартноманинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш, космоснинг барча ҳудудлари ва осмон жисмларига эркин кириш, шунингдек, халқаро космик лойиҳаларда, ресурслар ва билимлар алмашинувида қатнашиш имкониятларини очиб беради», деб ёзилади Сенат хабарида.

 

Маълумот учун, мазкур Халқаро космос шартномаси 1966 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан қабул қилинган бўлиб, 1967 йил 27 январда АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи томонидан имзоланган ва шу йилнинг 10 октябридан кучга кирган.

 

Шартномага қўшилган давлатлар 2024 йил ҳолатига кўра 114 тани ташкил қилаётган эди. Эндиликда Ўзбекистоннинг аъзолиги билан улар сони 115 тага етди.

 

«Ўзбеккосмос» агентлигининг ёзишича, унга қўшилиш Ўзбекистон учун бир қатор халқаро космик ҳуқуқларни тақдим этади.

 

Булар:

– ҳеч қандай дискриминациясиз космик фазо ва самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан тинч мақсадларда фойдаланиш;

– ортиқча тўсиқларсиз эркин тарзда илмий тадқиқотлар ўтказиш;

– бу борада давлатлараро тенгликка эга бўлиш;

– учирилган космик объектлар ва уларнинг экипажлари устидан юрисдикция ҳамда назоратни сақлаб қолиш;

– космик соҳада фаолият юритувчи давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали технологиялар трансферини жадаллаштириш.

 

Мазкур ҳужжат космик фазонинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи 17 та моддани ўз ичига олади.

 

Ҳужжатда ёзилишича, космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш, иқтисодий ёки илмий ривожланиш даражасидан қатъи назар, барча мамлакатлар фаровонлиги ва манфаатлари йўлида амалга оширилади ва у бутун инсониятнинг мулки ҳисобланади. Космос ва самовий жисмлар уларга нисбатан суверенитет эълон қилиш йўли билан ҳам, фойдаланиш ёки босиб олиш йўли билан ҳам, бошқа ҳар қандай воситалар билан ҳам миллий ўзлаштирилиши мумкин эмас.

 

Бундан ташқари, шартномага аъзо давлатлар космонавтларга инсониятнинг космосдаги вакиллари сифатида қараш ва шартномага аъзо бошқа давлат ҳудудида ёки очиқ денгизда авария, офат ёки мажбурий қўниш содир бўлган тақдирда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш каби мажбуриятларни олади.

 

Шартномага аъзо давлатлардан бирининг космонавтлари космосда фаолиятни амалга оширишда бошқа аъзо давлатларнинг космонавтларига мумкин қадар ёрдам кўрсатиши шартлиги ҳам ҳужжатда қатъий белгилаб қўйилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//