Қиз фарзанд кўрса, уни чиқиндига ташлаб юборишини айтган блогерга жиноят иши қўзғатилди

Сақлаш
21:12 / 10.10.2024 133 0

Тармоқларда Сардор гангстер тахаллуси билан чиқишлар қилган блогернинг хотини қиз туғса, фарзандини чиқиндига ташлаб юборишини айтган видеоси тарқалди. Блогер танқидларга учраганидан сўнг узр сўради. Унга хотин-қизлар қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлагани учун жиноят иш очилди.

 

TikTok ва YouTube платформаларида Сардор гангстер тахаллуси билан чиқишлар қилган Сардор Сафарбоевга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Севимли телеканалининг Замон дастурида хабар берилди.

 

Блогер ижтимоий тармоқларда тарқалган видеосида қиз фарзанд кўрмаслигини, хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлашини айтган.

 

«Мен қиз фарзанд кўрмайман. Агар қиз фарзанд кўрсам, хотиндан олдириб ташлайман. Қиз керакмас. Хотин туққанидан шундай бораман, қизми, чиқинди идишга отиб юбор, дейман. Керакмас. Мен дўзахга кирсам ҳам ўғил фарзанд туғдираман. Мени зурриётим ўғил бўлиши керак», — деган у ўз видеосида.

 

Яна бир видеосида эса блогер бу гаплари учун жамоатчилик танқидига учраганини айтиб, тиз чўкиб узр сўраган. Бундан кейин ижтимоий тармоқларга кирмаслигини таъкидлаган.

 

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот котиби Ирода Расулованинг билдиришича, Сардор Сафарбоев бу чиқиши билан хотин-қизлар қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлаган.

 

«Тармоқларда ҳар ким истаган фикрини гапиради, дегани эмас. Улардан фойдаланишнинг тартиб, қоидалари бор. Қоидаларни бузган фуқаролар қонуний тартибда жазоланади. Шуни унутманг, хотин-қизлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида», — деди у.

 

Ҳолат юзасидан блогерга нисбатан Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзгатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Агар судда айблов ўз исботини топса, блогер БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда (75 млн сўмдан 150 млн сўмгача) жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//