Ўзбекистонда янги вирус тарқалишининг олдини олиш чоралари кучайтирилди

Сақлаш
17:47 / 09.10.2024 88 0

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасида ҳам Марбург вируси иситмасини олдини олиш ва унинг эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият юритаётган Санитария назорат пунктларининг (СНП) ҳушёрлиги оширилган. Бу ҳақида Санепидқўмита деб хабар берди.

 

Бунда ушбу вирус билан касалланишнинг олдини олиш мақсадида:

 

▪️ Геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморларни ўз вақтида аниқлаб, изоляторларга алоҳидалаш;

 

▪️ Гумон қилинган беморлар билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари томонидан стандарт эҳтиёт чораларини кўриш, қўшимча равишда инфекцияни юқтиришини олдини олишга қаратилган шахсий ҳимоя воситаларидан тўлиқ фойдаланиш;

 

▪️ Гумон қилинган беморларнинг қонига тегмаслик, бемор ажратган тана суюқликлари, шунингдек, улар билан ифлосланган юзалар билан мулоқотда бўлмаслик;

 

▪️ Касалликнинг этиологияси, клиникаси, лаборатор ташхисоти ва касалликни олдини олиш ва профилактикаси бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;

 

▪️ Касалликни назорат қилишда хавфсиз инъекция усулларини қўллаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қайта ишлатилаётган тиббий асбобларни зарарсизлантириш ва чиқиндиларини хавфсиз йўқ қилиш;

 

▪️ Инфекция бўйича аҳолини хабардорлигини ошириш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш каби чоралар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

 

Қўмита жиддий хавотирга ўрин йўқлигини таъкидламоқда.

 

Маълумот учун, жорий йилнинг 29 сентябрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африка қитъасидаги Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмаси қайд этилганлигини маълум қилган эди. Бунга 28 сентябрь ҳолатига кўра мазкур давлатнинг 30 та округидан еттитасида, жами 26 та тасдиқланган ҳолат рўйхатга олингани ва шундан 6 таси ўлим билан тугагани сабаб бўлган.

 

ЖССТ ушбу эпидемия хавфини миллий даражада жуда юқори, минтақавий даражада юқори ва бутун дунё даражасида паст деб баҳоламоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//