Буюк Британиянинг нуфузли хусусий мактаби Ўзбекистонда ўз филиалларини очиши кутилмоқда

Сақлаш
14:19 / 09.10.2024 83 0

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари ҳамда Harrow Schools'нинг (Буюк Британия) Осиёдаги халқаро мактаблари – AISL Harrow Schools'нинг лойиҳалар бўйича директори Дейзи Хо ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди.

 

Учрашув аввалида хорижий томон Янги Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг-кўламли ислоҳотлар билан таништирилган.

 

Дейзи Хо ҳам ўз навбатида Harrow Schools'нинг Осиёдаги халқаро мактаблари ҳақида батафсил маълумот берган ва AISL Harrow Schools'нинг Ўзбекистонда ўз мактабини очишга қизиқишини билдирган.

 

Музокаралар якунида жорий йилнинг 15-17 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё таълим форумида AISL Harrow Schools вакилларининг иштирокини ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.

 

Маълумот учун, 1572 йилда Британия қироличаси Елизавета I томонидан ташкил этилган Harrow мактаби Итон коллежи каби мамлакатдаги ўқувчиларни дунёнинг етакчи олийгоҳларига тайёрлаб берадиган энг нуфузли билим даргоҳи ҳисобланади. Ушбу таълим муассасаси кўплаб таниқли шахсларга сабоқ берган. Улар қаторида Британиянинг собиқ бош вазири – Уинстон Черчилл, Ҳиндистон собиқ бош вазири Жавахарлал Неру, Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний каби машҳур тарихий шахслар ҳам бор.

 

AISL Harrow Schools 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, у Harrow мактабининг Осиёдаги халқаро ўқув даргоҳларини бошқаради. Ҳозирда унинг Хитой, Япония ва Тайландда 13 та филиаллари мавжуд.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//