Самарқанд МДҲнинг маданий пойтахти бўлади

Сақлаш
03:46 / 09.10.2024 100 0

Шавкат Мирзиёев бугун, 8 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

 

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.

 

Кун тартибига мувофиқ, мажлисда кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган ҳамда МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида МДҲ мамлакатларининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратилишини, МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бугунги таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида келишилган чоралар ҳамда дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

 

Шу билан бирга, давлат раҳбари МДҲ мамлакатлари экспертлари ва таҳлилчиларининг учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда навбатдаги конференцияни Самарқанд шаҳрида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказиш таклифини илгари сурди.

 

Бундан ташқари, гуманитар алмашинувларни кенгайтириш мақсадида Ҳамдўстлик давлатлари маданияти кунларини ўтказиш таклифи ҳам берилди.

 

Шу қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соғлиқни сақлаш, таълим, санъат, кино, туризм ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар дастурини ҳар йили тайёрлаш зарурлиги урғуланди.

 

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Самарқанд ва Тошкентни тегишлича Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти ва ёшлар пойтахти деб эълон қилиниши доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди.

 

Мажлис якунида Ўзбекистон Президенти Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни 2025 йилда ташкилотга раисликни қабул қилгани билан табриклади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//