Онлайн кредит ажратилиши жараёни мураккаблаштирилмоқда

Сақлаш
17:40 / 08.10.2024 66 0

Фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун кредит ташкилотлари томонидан онлайн кредит ажратилишида янги тизим йўлга қўйилмоқда.

 

Бу вақтинчалик тартиб бўлиб, 2024 йил 1 ноябридан 2025 йил 1 апрелига қадар амалда бўлади.

 

Марказий банк хабарига кўра, энди фуқаролар кредит ташкилотининг мобил иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади.

 

Ушбу талабнинг ўрнатилишига сабаб кредит олиш бўйича тақдим қилинган ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганлигини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритишдир.

 

Кредит ташкилотлари фуқаро кредит олиш учун ариза юборганидан кейин унинг кредит бюролари маълумотлар базасидаги кредит тарихини 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) текширишдан (scoring) ўтказади.

 

Текширув натижасида мижознинг салбий кредит тарихи ёки қарз юки кескин ошгани аниқланса, қисқа давр ичида бир нечта кредит расмийлаштирилган ва қарз юки кескин ошган бўлса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.

 

Бу жараён фирибгарлар алдовига учган фуқаролар номига бир нечта кредит ташкилотидан кредит маблағлари ажратилишининг олдини олади.

 

Банк мобил иловасидан янги рўйхатдан ўтган ёки бошқа қурилма орқали қайта рўйхатдан ўтганлар учун онлайн кредит ажратилганда, кредит ҳисобидан операцияларни амалга ошириш (П2П), чет элга пул ўтказиш ва бошқалар 48 соат давомида чекланади.

 

Мазкур чекловларни ечиш учун мижоз 48 соат ичида кредит ташкилоти томонидан юборилган СМС-хабарда қайд этилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, кредитни фирибгарлар таъсирисиз олганлигини маълум қилиши лозим бўлади.

 

Кредит ташкилоти ходими эса мижозга қайта боғланиб, берилган маълумотлар тўғрилигини текшириб, қўшимча тасдиқдан ўтказади.

 

Агар фуқаронинг банк картасига ўтказилгандан кредит маблағи 48 соат ичида сарфланмаса ёки кредит фирибгарлар орқали олингани аниқланса, ажратилган маблағ банк ҳисобрақамига қайтарилади.

 

Маълумот учун, шу йилнинг ўзида фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолат кузатилган бўлиб, бунинг оқибатида қарийб 15 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//