ЖССТ мутахассислари семириб кетмаслик учун нима қилиш зарурлиги айтди

Сақлаш
20:56 / 04.10.2024 96 0

Семизлик кўплаб хавфли касалликларни келтириб чиқарувчи омил саналади. Мутахассислар ортиқча вазн юзага келишига асосан носоғлом турмуш тарзи, жумладан, нотўғри овқатланиш сабаб бўлишини таъкидлайди.

 

Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг алоҳида тавсиялари ҳам бор.

 

Жумладан, ЖССТ мутахассислари кундалик ёғ истеъмоли катталар рационидан жой олган маҳсулотлар умумий қувватининг 30 фоизидан ошмаслиги зарур деб ҳисоблайди.

 

Бунда 10 фоизгача қисми тўйинган ёғли кислоталар бўлиши керак (улар асосан ёғли гўшт, сут маҳсулотлари, қатиқ, сариёғ ва бошқа турдаги ёғлар таркибида бўлади).

 

Шунингдек, кўпи билан 1 фоиз қисмини саноат йўли билан ишлаб чиқарилган трансёғлар ва ҳайвон ёғлари ташкил қилиши лозим.

 

Бундан ташқари, мутахассислар шакар истеъмолини чеклаш ҳам соғлик учун жуда фойдалилигини таъкидлайди. Улар бу маҳсулотнинг кунлик меъёрини 25-30 граммдан оширмасликни (ширинлик ва бошқа озуқа маҳсулотлари таркибидаги ҳам ҳисобга олинган), унинг ўрнига сифатли углеводларни истеъмол қилишни маслаҳат беради.

 

«Ҳар бир инсон ўз организми учун зарур углеводларни, биринчи навбатда, дон, сабзавот, мева ва дуккакли маҳсулотлардан олиши керак», дейилади маълумотда.

 

Хабарда ёзилишича, катталар кунига камида 400 грамм мева-сабзавот тановул қилиши мақсадга мувофиқ экан. Бу меъёр болалар ва ўсмирларнинг ёшига қараб фарқ қилади.

 

Масалан, уларда кунлик мева-сабзавотлар истеъмоли миқдори қуйидагича:

▪️ 2-5 ёш — камида 250 грамм;

▪️ 6-9 ёш — камида 350 грамм;

▪️ 10 ёш ва ундан катталар — камида 400 грамм.

 

Айнан кунлик ейиладиган овқат миқдори ва сифатини назорат қилиш семизлик касалига чалинмасликнинг энг самарали тадбиридир.

 

Маълумот учун, ЖССТ 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семизликдан азият чекишини прогноз қилган. Олимларнинг фикрича, бу глобал муаммога соғлом турмуш тарзи орқали самарали ечим топиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//