Жамият
Президент қарори билан Фан олимпиадалари маркази ташкил этилади.
У Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида иш юритади.
Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб 5–8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилади ва уларни халқаро олимпиадаларга мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, асосий фан олимпиадаларининг ҳудудий босқичида муваффақиятли иштирок этган иқтидорли ёшлар учун «Intelлектуал оромгоҳлар» ташкил қилинади.
Рағбатлантириш тартибига ҳам ўзгартириш киритилади. Жумладан, нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган терма жамоалар раҳбарини ҳам жамоанинг натижасига қараб рағбатлантириш тартиби жорий этилади.
Шу билан бирга, терма жамоалар раҳбари нуфузли халқаро олимпиадаларда эришилган ҳар бир олтин, кумуш, бронза медаллари учун тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 35, 25, 15 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Бунда пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади. Ушбу имтиёз асосий олимпиадаларнинг ҳудудий ва республика босқичларида ғолиб бўлган ўқувчилар ва уларнинг устозларига ҳам тааллуқлидир.
Таъкидланишича, кейинги йилнинг май ойига қадар асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига медаль бериш тизими жорий этилади.
Президент қарорида, шунингдек, бир қатор фанлар бўйича олимпиадалар мунтазам ўтказиб борилиши ҳам белгиланган.
Булар:
▪️ миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ҳиссини шакллантириш, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишида — Буюк Шарқ Ренессанси халқаро олимпиадаси;
▪️ математика ва информатика йўналишида — Ал Хоразмий номидаги ёшлар туркий олимпиадаси;
▪️ кимё йўналишида — Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадаси;
▪️ физика йўналишида — Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Халқаро физика олимпиадаси;
▪️ биология йўналишида — Абу Али Ибн Сино номидаги Халқаро биология олимпиадаси.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ