«Ўқитувчисининг қадр-қиммати баланд бўлган халқнинг обрў-эътибори юксак бўлади» – Президент

Сақлаш
17:54 / 30.09.2024 70 0

Айни вақтда Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти устоз ва мураббийлар билан мулоқот ўтказмоқда.

 

Тадбир бошида алоҳида ўрнак кўрсатган таълим соҳаси ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

Унда Президент мамлакатимизнинг барча таълим-тарбия ходимларини «Ўқитувчи ва мураббийлар куни« билан самимий муборакбод этди:

 

Ассалому алайкум,

 

Муҳтарам юртдошлар!

 

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

 

Аввало, сиз, азизлар билан – қалбимга энг яқин, олижаноб инсонлар билан мана шундай қутлуғ айёмда, байрамона кайфиятда кўришиб турганимдан бахтиёрман.

 

Сизларни, сизларнинг тимсолингизда мамлакатимизнинг барча таълим-тарбия ходимларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.

 

Мана шундай қувончли кунда барча шогирдларингиз, кўпмиллатли халқимиз номидан сизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимизни, эзгу тилакларимизни билдириб, чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.

 

Биз устозни отадек улуғ деб билган, уни ҳамиша бошига кўтариб эъзозлаган буюк, маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз.

 

Тарихимиздаги қайси машҳур аждодимизни олмайлик, уларнинг барчаси устозларга юксак эҳтиром билан қараганларига гувоҳ бўламиз.

 

Устозини, муаллимини эъзозлаган жамият албатта равнақ топади, гуллаб-яшнайди.

 

Ўқитувчисининг қадр-қиммати баланд бўлган халқнинг обрў-эътибори юксак бўлади.

 

Ҳаётда ҳар бир эзгулик, ҳар бир кашфиёт ва ютуқнинг замирида ўқитувчининг меҳнати, бардоши ва меҳр-муҳаббати мужассам.

 

Шу боис, ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижага эришган бўлсак, бу ютуқларда азиз устозларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз.

 

Таълим – соҳалар ичида энг долзарби, мактаб – энг муҳими бўлса, ўқитувчилик касблар орасида энг улуғидир.

 

Шахсан мен ўқитувчи деганда – ўзим учун азиз ва қадрли бўлган зотларни, юз-кўзидан нур ёғилиб турадиган мўътабар инсонларни тасаввур қиламан.

 

Самимий ва меҳрибон, шу билан бирга, талабчан устозларимни, уларнинг дарслари, ҳаётий сабоқларини ҳамиша соғинаман.

 

Жамиятимиздаги энг жонкуяр, ватанпарвар, халқпарвар инсонлар, замонамизнинг энг илғор кишилари – бу аввало устоз ва муаллимлардир.

 

Шу сабабли халқимиз ўзининг энг катта бойлигини – фарзандлари тарбиясини сизларга ишониб топширади.

 

Ҳаёт маъноси, ўзгаришлар мазмунини чуқур англаб, бошқаларга тушунтирадиган, одамларни эзгуликка, янги марраларга руҳлантирадиган ҳам сиз, муҳтарам устозлардир.

 

Барчамиз яхши биламиз, инсоннинг онги, дунёқараши ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаса, тараққиёт ҳам бўлмайди.

 

Лекин одамларнинг тафаккурини, шу асосда бутун жамиятни ким ўзгартира олади?

 

Янги Ўзбекистоннинг янги Берунийлари, янги Хоразмийлари, ибн Синолари, Фарғонийларини ким камолга етказади?

 

Албатта, бундай эзгу ва улуғвор вазифани, том маънодаги тарихий миссияни адо этишга фақат сиз – устоз ва мураббийлар қодирсиз.

 

Бугун азамат ёшларимиз жаҳон майдонларида ўз кучи ва билими, истеъдоди билан улкан марраларни қўлга киритаётганини кўриб, қувониб турибмиз.

 

Бу ғалабалар аввало устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати самараси, десак, тўғри бўлади.

 

Шу боис сизларнинг шаънингизга, муҳтарам устозларимиз шаънига қанча яхши гапларни айтсак, гўзал таърифлар билдирсак, қандай эзгу тилакларни йўлласак, ўйлайманки, бу ҳам адолатли ҳақиқат бўлади.

 

Ҳаммангизга яхши маълум – бугунги кунда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилмоқда.

 

Бош мақсади янги замон кишисини, Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялаш бўлган таълим ва тарбия соҳаси учун бу вазифа алоҳида аҳамият касб этади.

 

Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, фаол фуқаролик позициясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди?

 

Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар.

 

Бунинг учун аввало ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак.

 

Шундагина у ўзининг чинакам инсоний ва касбий фазилатларини амалда намоён қила олади.

 

Янгиланган Конституциямизда дунёдаги мўътабар шахс – ўқитувчи мақомини алоҳида мустаҳкамлаш, бу касбни жамиятдаги энг обрўли ишга айлантириш менинг неча йиллик орзуйим, керак бўлса, армоним эди.

 

Чунки ўзим ҳам кўп йиллар шу соҳада ишлаганман. Ўқитувчи меҳнати қанчалик оғир ва машаққатли эканини яхши биламан.

 

Афсуски, ана шундай шарафли ва олижаноб касб эгаларига биз яқин ўтмишда етарлича ҳурмат ва эътибор қарата олмадик.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//