1 октябрдан нималар ўзгаради?

Сақлаш
16:33 / 30.09.2024 65 0

Заргарлик саноатида маълум бир маҳсулотлар импорти учун олинадиган лицензия талаби бекор қилинади

Жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотларини импорт қилишда махсус турдаги товарлар импорти учун лицензия олиш талаби бекор қилинади.

 

Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ва заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотлари божхона божидан озод этилади.

 

Ушбу тартиб 2024 йилнинг 1 октябридан 2027 йилнинг 1 октябригача амал қилади.

 

Тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти самарадорлиги янада оширилади

Ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялар(ТИЭК)томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.

 

Бундан ташқари, ТИЭК ходимларини улар фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичлари (КПИ) бажарилишидан келиб чиқиб рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

 

Ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКларнинг вазифалари ва штат бирликлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларга ўтказган ҳолда тугатилади.

 

Жойлардаги ТИЭКларга педиатр, психиатр, фтизиатр штатлари ажратилади.

 

Давлат харидлари тизимида жамоатчилик назорати кучайтирилади

Бунда Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида 1 иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида 2 иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

 

Ўзбекистон ҳудудига товуқ гўштини олиб киришда берилган божхона имтиёзи бекор қилинади

1 октябрдан янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотларини (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочок, голен, сон, қийма ва тери) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёз бекор қилинади.

 

Тазйиқдан жабрланган шахслар учун бирламчи кўмак хоналари ташкил қилинади

Республиканинг барча ҳудудларида тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.

 

Шу билан бирга, ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури «Инсон» марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

 

Қурилиши тугалланган объектлар электрон платформа орқали рўйхатдан ўтказилади

Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.

 

Хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказилади

Ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

 

Бунда республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт.

 

Модулли меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун субсидия ажратилади

Субсидия 2024 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 ноябргача мувофиқлик сертификати берилган, янги ташкил этилган ҳамда камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхона учун унинг тоифасидан қатъи назар ажратилади.

 

Субсидия модулли меҳмонхонада яратилган ҳар бир жой учун 1 млн сўмдан белгиланади.

 

Субсидия олиш учун тадбиркор давлат хизматлари марказига ёки ЙИДХП орқали Туризм қўмитасига белгиланган шаклда ариза билан мурожаат қилади.

 

Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш юзасидан мониторинг ишга туширади

Шу йилнинг октябрь ойидан «Хотин-қизлар.уз» платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули (Муаммоларни ўрганиш модули) ишга туширилади.

 

Ушбу модуль орқали доимий равишда келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан мониторинг юритилади.

 

Фуқаролик жамияти институтларига ажратиладиган давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини назорат қилиш имконияти яратилади

1 октябрдан фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.

 

Иш ҳақи миқдори оширилади

Бюджет ташкилотларида ишловчи тиббиёт ходимлари, шунингдек, мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ташкилотлари, «Мурувват» интернат уйлари, болалар ва меҳрибонлик уйлари, болалар санаторияларида ишловчи педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори 15 фоизга оширилади.

 

Шунингдек, ушбу санадан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 155 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори эса 375 000 сўм этиб белгиланади.

 

Овчилик гувоҳномасини бериш тартиби ўзгаради

Овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида электрон дастур орқали берилади.

 

Гувоҳномани олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади.

 

Овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга ЙИДХП орқали 2 йил муддатга берилади.

 

Ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш мақсадида объектлар экспертизадан ўтказилади

Реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.

 

Бундан ташқари, ҳар йили «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.

 

Алкоголь маҳсулотларини яширин ишлаб чиқарган шахсларнинг ускуналари мусодара қилинади

Яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилади.

 

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўшимча лицензия талаблари жорий этилади.

 

Қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари назорат қилувчи органлар томонидан муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат) белгиланган тартибда бекор қилинади.

 

Алимент тўловлари миқдори оширилади

1 октябрдан маошига 15 фоиз қўшиладиган қарздор педагоглар ҳам алимент ундирувидаги қарзни 15 фоизга кўтарилган ҳолатда тўлайди.

 

Ойлиги 10 фоизга ошадиган хусусий сектор ва бюджет ташкилотларида фаолият юритувчи қарздорлар эса алиментни 10 фоизга оширилган қийматда беради.

 

Шу билан бирга, 1 октябрдан ишсиз алимент тўловчилар томонидан тўланадиган алимент миқдори ҳам ўртача 10 фоизга ошади.

 

Йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жарима ошади

Бунда жарималар қуйидагича белгиланади:

• Техник кўрик, «аптечка» — 187,5 минг сўм (айни вақтда 170 минг сўм);

 

• Хавфсизлик камарини тақмаслик — 187,5 минг сўм (айни вақтда 170 минг сўм);

 

• Ҳужжатсиз юриш — 375 минг сўм (айни вақтда 340 минг сўм);

 

• Суғуртасиз ҳайдаш — 750 минг сўм (айни вақтда 680 минг сўм);

 

• «Қизил» дан ўтиш — 750 минг сўм (айни вақтда 680 минг сўм);

 

• Нотўғри «парковка» — 750 минг сўм (айни вақтда 680 минг сўм);

 

• Телефонда гаплашиш — 1 млн 225 минг сўм (айни вақтда 1,2 млн сўм);

 

• Рақамсиз ҳайдаш — 1 млн 875 минг сўм (айни вақтда 1 млн 700 минг сўм);

 

• Тезликни ошириш (20 км/с) — 375 минг сўм (айни вақтда 340 минг сўм);

 

• Тезликни ошириш (20-40 км/с) — 1 млн 875 минг сўм (айни вақтда 1 млн 700 минг сўм);

 

• Тезликни ошириш (+40 км/с) — 3 млн 375 минг сўм (айни вақтда 3 млн 60 минг сўм);

 

• Қарама-қарши ҳаракатланиш — 3 млн 750 минг сўм (айни вақтда 3 млн 400 сўм);

 

• Маст ҳолда ҳайдаш — 9 млн 375 минг сўм ёки 3 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш (айни вақтда 8 млн 500 минг сўм);

 

• Мастлик текширувидан бош тортиш — 5 млн 625 минг сўм ёки 3 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш (айни вақтда 5 млн 100 минг сўм);

 

• Рухсатсиз «тонировка» — 9 млн 375 минг сўм (айни вақтда 8 млн 500 минг сўм);

 

• «Тонировка»дан бир йилда такроран рухсатсиз фойдаланиш — 15 млн сўм (айни вақтда 13 млн 600 минг сўм).

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//